Ўзбекистон жамоавий спорт турларини ривожлантиришда Токио жисмоний тарбия университети билан яқиндан ҳамкорлик қилади

Аввалроқ Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Комилжон Рўзиев МОҚнинг Япониядаги маслаҳатчиси Мансур Баҳриддинов билан бирга Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш ишлари вазири, Япония Парламенти депутати Йошитака Сакурада билан учрашгани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Куннинг иккинчи ярмида Миллий олимпия қўмитаси вакиллари Токио жисмоний тарбия университетига ташриф буюриб, ушбу ўқув юрти президенти Кеничи Мацунами билан кўришдилар.

Мацунами меҳмонларни қабул қилишдан мамнунлигини қайд этар экан, Токио жисмоний тарбия университети Олимпиада чемпионларини тайёрлаш маскани эканлигини алоҳида таъкидлади. Университет битирувчилари ичида гимнастика, шунингдек жамоавий спорт турлари бўйича вакиллар кўпчиликни ташкил этади.

Томонлар учрашув давомида спортчиларимизни баскетбол, волейбол каби жамоавий спорт турларида муносиб тайёрлаш, бу борада университет мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш масалаларида фикр алмашдилар. Ўз навбатида жаноб Мацунами ушбу ҳамкорликдан хурсанд бўлишини айтиб ўтди. У Ўзбекистонга меҳри бўлакча эканлигини, Осака – Тошкент йўналишида қўйилган биринчи авиарейсдаёқ юртимизда меҳмон бўлганини алоҳида таассуротлар билан ёдга олди.

30 Yanvar, 2019|Янгиликлар|