«Davis Cup». Сербия терма жамоаси пойтахтимизда Ўзбекистонга қарши ўйинга тайёргарлик кўрмоқда

Хабар бериб ўтганимиздек, 1-2 февраль кунлари Ўзбекистон терма жамоаси пойтахтимизда «Дэвис Кубоги» доирасида Сербияга қарши баҳс олиб боради.

Рақиблар Тошкент шаҳрига етиб келишган. Сербия терма жамоаси юртимизга қуйидаги ташрифда ташриф буюрган: Душан Лайович, Филип Крайинович, Ласло Жере, Никола Милоевич ва Виктор Троицки. Сербияликлар «Sahovat sport servis» мажмуасида машғулотларни олиб бормоқдалар.

«Жамоада муҳит ажойиб. Тошкентга келиб, машғулотларни бошлаб юбордик. Мослашиш жараёни осон бўлаётгани йўқ, аммо биз машғулотларни яхши ўтказяпмиз ва учрашувгача тайёр бўламиз. Энг асосийси – биз ғалабага ўзимизни тайёрлаганмиз», – дея Крайиновичнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Сербия теннис федерацияси расмий сайти.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа давомида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини Денис Истомин, Ҳумоюн Султонов, Сергей Фомин, Санжар Файзиев ва Жўрабек Каримов ҳимоя қилади.

Бугун соат 11:45 да терма жамоа сардорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилади. Анжуман давомида терма жамоамиз сардори Фаррух Дўстов ҳамда сербияликлар вакили Ненад Зимонич журналистлар саволларига жавоб қайтаради.

Учрашув тафсилотларини сайтимиз ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.

30 Yanvar, 2019|Янгиликлар|