Спортчиларимиз чуқурлаштирилган тиббий текширувларда – рухий тайёргарликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда

Бугун, 28 январь куни камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтишди. Улар невролог, хирург-травматолог, стоматолог, лор, окулист, эндокринолог, рухшунос ва бошқа мутахассислар қабулида бўлишди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур тиббий кўрикларда рухшунос билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамюртларимизнинг халқаро ареналаридаги муваффақиятли юришларида жисмоний тайёргарликдан ташқари, рухий тайёргарлик ҳам катта аҳамиятга эга. Спортчи жисмонан жиҳатдан харчанд кучли бўлмасин, рухий тайёргарликсиз мусобақага бориш сўнгги паллаларда бизга панд бериб қолиши мумкин. Олтинлар кумушга, кумушлар бронзага айланиши, совринли ўринлар учун даъвогар спортчилар эса медалсиз қолиши хеч гап эмас.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда рухшунослар спортчиларни текширувдан ўтказишмоқда. Натижаларга қараб, уларга психологик маслаҳатлар берилади. Бундан ташқари уларда муваффақиятга бўлган мотивацияни аниқлаш, қийинчиликларни енгиб ўтиш йўналишларида ҳам иш олиб борилмоқда.

МОҚ ишлаб чиққан стратегия асосида спортнинг барча олимпия турлари бўйича терма жамоаларимиз ана шу каби чуқур тиббий кўрикдан ўтадилар. Мақсад эса битта – Токио 2020 Олимпия ўйинларида барча жабҳаларда рекордларни янгилаш, янги марраларни забт этиш.

28 Yanvar, 2019|Янгиликлар|