Енгил атлетика. Дусанова реванш олди, шахсий рекордлар ва Ўзбекистон Очиқ кубогининг бошқа натижалари

23-25 январь кунлари Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати манежида енгил атлетика бўйича Ўзбекистон Очиқ кубоги, шунингдек, 2000-2001 йилларда туғилган спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Баҳсларда нафақат ўзбекистонлик, балки Тожикистондан ташриф буюрган спортчилар ҳам иштирок этишди.

Эркаклар ўртасида 60 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсларида Эргаш Нормуродов 8.10 сония натижа билан ғалаба қозонди ва Спорт устаси меъёрини бажарди.

Баландликка сакраш бўйича аёллар ўртасида ғолиблик учун кураш Надия Дусанова ва Сафина Садуллаева ўртасида кечди. Ёдингизда бўлса, бир ҳафта олдин Усть-Каменогорск шаҳрида Олимпиада чемпиони Ольга Рипакова соврини учун ўтказилган турнирда Садуллаева 192 см натижа билан олтин медалга сазовор бўлганди. Бу сафар эса Надия ўзига хос реванш олди ва мусобақа ғолиби бўлди. Спортчилар 184 см баландликни забт этишди.

Аёллар ўртасида 400 метрга югуриш баҳсларида Тожикистон рекордчиси Кристина Пронженко 57.39 сония натижа билан ғолиб бўлди.

200 метрга югуриш беллашувларида эса Комила Мирсолиева ўзининг шахсий рекордини янгилади (25.92 сония) ва ғалаба қозонди.

Эркаклар ўртасида узунликка сакраш бўйича Жавоҳир Нориев (7.15 м) ғолиб бўлди. Учхатлаб сакрашда эса Ислам Сибагатуллин (15.36 м) га тенг келадиган рақиб топилмади.

Бешкураш йўналишида илк маротаба иштирок этган Анна Шиманис 3208 очко билан биринчи ўринни қўлга киритди.

Аёллар ўртасида 60 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсларида 8.65 сония натижа кўрсатган Валентина Кибальникова барча рақибларини ортда қолдирди.

26 Yanvar, 2019|Янгиликлар|