Велоспорт. Тошкентда Осиё чемпионатига тайёргарлик давом этмоқда

Хабарингиз бор, апрель ойида пойтахтимизда велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Айни пайтда пойтахтимизда ушбу мусобақани юқори савияда ташкил этиш учун тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.

Шу мақсадда, бугун Осиё чемпионатига тайёргарликнинг ташкилий-амалий ишларини олиб бориш учун мусобақа директори Хофер Роланд ҳамда техник ишлар бўйича директор ёрдамчиси Неуманн Адре Ўзбекистонга келишди.

Мутахассислар ташриф доирасида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев билан учрашиб, қитъа биринчилигига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар. Улар мазкур сафар давомида Осиё чемпионати ўтказиладиган Тошкент-Чимён-Сижжак автомагистрал йўлларини кўздан кечирадилар. Шунингдек, мусобақани ташкил этиш масаласида семинар ўтказадилар. Бундан ташқари, пойгалар ўтказиладиган старт, финиш чизиқлари ҳам яқин кунларда белгиланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шоссе бўйича Осиё чемпионатига илк маротаба мезбонлик қилади. Олимпия ўйинларига лицензия тақдим этадиган ушбу мусобақа 22-28 апрель кунлари бўлиб ўтади. Унда қитъамизнинг 40 га яқин мамлакатидан, 500 нафардан зиёд спортчи иштирок этиши режалаштирилмоқда.

21 Yanvar, 2019|Янгиликлар|