Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганига 27 йил тўлди

Бугун, 2019 йил 21 январь куни Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганига 27 йил тўлди. МОҚ – нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Халқаро олимпия қўмитаси Хартияси ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Низоми асосида олиб боради. Ташкилот Республикамизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, олимпия ҳаракатини тарғиб қилиш йўлида муҳим вазифаларни бажариб келмоқда.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 1992 йилнинг 21 январь куни ташкил этилган. 1993 йилнинг сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитасининг 101 сессиясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ХОҚ томонидан расман тан олинган ва шундан сўнг ташкилот халқаро майдонда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлган. Шу кундан эътиборан, Ўзбекистон мунтазам равишда ёзги ва қишки Олимпия ўйинларида қатнашиб келмоқда.

Мустақил мамлакат сифатида Олимпия ўйинларида

Ўзбекистон бугунги кунгача мустақил давлат сифатида 7 та қишки (Лиллехаммер-1994, Нагано-1998, Солт-Лейк-Сити-2002, Турин-2006, Ванкувер-2010, Сочи-2014, Пхёнчхан-2018) Олимпиадада қатнашган. Умумий ҳисобда қишки Олимпия ўйинларида шу кунгача 29 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилган. Қишки Олимпиадалар тарихида терма жамоамиз аъзолари томонидан 1 та олтин медаль қўлга киритилган. 1994 йили Лина Черязова Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида фристайл бўйича қишки Олимпия ўйинлари шоҳсупасига кўтарилган. Ушбу медаль мустақил Ўзбекистоннинг Олимпиадалардаги илк олтини сифатида тарихга кирган.

Ёзги Олимпия ўйинларида эса 1996 йилдан буён мунтазам равишда иштирок этиб келамиз. Ўзбекистон умумий ҳисобда 6 та ёзги (Атланта-1996, Сидней-2000, Афина-2004, Пекин-2008, Лондон-2012, Рио-де-Жанейро-2016) Олимпиадада 406 нафар спортчи билан қатнашган. Ҳамюртларимиз томонидан 9 та олтин, 7 та кумуш ва 17 та бронза медали қўлга киритилган.

Бугунги кунда МОҚ сиёсати

Бугун Миллий олимпия қўмитаси мамлакатимизда спортни ривожлантириш йўлида кенг кўламда иш олиб бормоқда. Табиийки, бу борада асосий эътибор олимпия спорт турларига қаратилмоқда. Ўтган йили ноолимпия йўналишларидан олимпия спорт турларига иқтидорли спортчиларни саралаб олиш мақсадида кўплаб селекцион мусобақалар ташкил этилди.

Бундан ташқари, Миллий олимпия қўмитаси халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, нуфузли халқаро спорт ташкилотлари, етакчи спорт мамлакатлари билан кенг қамровли ҳамкорликни қўлга қўйган.

Олимпиада-2020 йўлида

Миллий олимпия қўмитаси халқаро ареналарда, комплекс мусобақаларда муваффақиятга эришиш учун спорт федерациялари ва ассоциациялари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда. Ташкилот томонидан Токио-2020 Олимпиадаси учун ишлаб чиқилган стратегия асосида терма жамоаларимиз хорижий ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишмоқда. Қолаверса, спорт тиббиёти йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказидаги шароитлар яхшиланди, терма жамоа аъзолари ушбу марказда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиб келишмоқда.

2019 йил лицензион мусобақалар йили бўлади. Биз ушбу мусобақаларда Токио 2020 Олимпия ўйинлари учун кўплаб лицензияларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Бунгача ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақасида ўзбек спортчилари иштирок этмаган йўналишларда ҳам қатнашиб, ўзига хос «Олимпия имтиҳони»ни муваффақиятли топшириш ва халқимиз, Президентимиз ҳамда спорт мухлислари томонидан билдирилган ишончни оқлаш учун бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:

TELEGRAM

INSTAGRAM

FACEBOOK

TWITTER