Ўзбекистон Замонавий бешкураш федерацияси халқаро муносабатларни ривожлантиришда давом этади

19 январ куни Франкфурт шаҳрида, Ўзбекистон Замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ва Замонавий бешкураш Халқаро иттифоқи президенти доктор Клаус Шорманн билан тарихий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли хамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Баҳромжон Газиев Ўзбекистонда Замонавий бешкурашнинг ҳолати ва истиқболлари хақида батафсил сўзлаб берди. Учрашувда таъкидланганидек, Ватанимизда бу спорт турига кўп йиллар давомида етарликча эътибор берилмади. Бироқ хозирги пайтда вазият ўзгарди ва энди ҳуқуматнинг қўллаб-қувватлови, Ўзбекистон Замонавий бешкураш федерацияси ва Миллий Олимпия қўмитасининг саъй-харакатлари сабабли Ўзбекистон Замонавий бешкураш тарихида янги саҳифа бошланди. Мутасаддилар қисқа вақт мобайнида кучли мураббийлар ва бир нечта спортчи топишга муваффак бўлдилар ва шу сабаб Токио 2020 Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун имконият пайдо бўлди.

Яқин келажакда Ўзбекистонда Замонавий бешкураш бўйича мактаб очилиши режалаштирилган. Замонавий бешкурашга боғлиқ бўлган бешта спорт турининг тренинг-машғулотлари учун шарт-шароитлар ва мусобақалар ўтказиш учун янги, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий спорт базаси қурилиши кутилмоқда (яъни, қиличбозлик зали, сузиш ҳавзалари, югуриш йўлаклари, ўқ отиш майдонлари ва конкур майдони). Ушбу спорт базасида нафақат замонавий бешкураш бўйича, балки бошқа спорт турлари бўйича хам халқаро мусобақалар ўтказилиши кутилмоқда.

Доктор Клаус Шорманн Ўзбекистон Замонавий бешкурашнинг халқаро майдонига қайтишини қўллаб-қувватлади ва ушбу спорт турини Пьер де Кубертен томонидан яратилган улкан анъаналарини давом эттирган ҳолда халқаро олимпия спорт турлари элитаси деб таъкидлаб ўтди. У Ўзбекистон Замований бешкураш федерациясининг Халқаро хамкорлик ва мамлакатдаги ушбу спортни тарғиб қилишнинг раҳбарият томонидан танланган стратегияларини юқори бахолади. Ўз навбатида, доктор Шорманн Европа ва Осиё мамлакатлари федерациялари билан алоқаларни яхшилашга ёрдам беришини ваъда қилди.

Учрашувда доктор Шорманн Замонавий бешкурашнинг давлатлар ўртасидаги яқин алоқаларни ўрнатишдаги муҳим роли ҳақида сўзлаб берди ва ислом маданиятининг ушбу спортга бўлган муносабатини намуна сифатида айтиб ўтди. У замонавий бешкурашнинг спорт турларини, яъни югуриш, сузиш, от устида, тўсиқдан ўтиш ва қиличбозликнинг аҳамиятини тасдиқловчи хадисни мисол сифатида келтириб ўтди.

Учрашув якунида Баҳромжон Газиев доктор Клаус Шорманнга эсдалик совғаларини топширди.

Баҳромжон Газиевнинг навбатдаги расмий ташрифи Осиё Замонавий бешкураш конфедерацияси президенти Сангва Пак билан бўлиши кутилмоқда. Хозирги вақтда ушбу учрашувнинг санаси ва жойини келишиб олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

20 Yanvar, 2019|Янгиликлар|