Эктор Купер: «Биз Осиё Кубогига ғалаба учун келганмиз»

Эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогининг 1/8 финали доирасида Австралияга қарши майдонга тушади. Бугун ушбу ўйин олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда терма жамоамиз устози Эктор Купер ва футболчи Жалолиддин Машарипов иштирок этди.

Дастлаб, мураббий Эктор Купер Австралияга қарши ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди:

-Австралияга қарши ўйин жуда муҳим эканини ҳис қилиб турибмиз. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Майдонга фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Австралия кучли жамоа, Осиёнинг гранди. Ўтган 3 кун вақт давомида хатоларимизни кўриб чиқдик, камчиликлар устида ишладик. Эртага фақат ғалаба учун ўйнаймиз.

Жалолиддин Машариповнинг фикрлари эса қуйидагича бўлди:

-Биринчи ўйинда ҳаяжон бор эди. Аммо Туркманистонга қарши ўйинда ўз ўйинимизни кўрсата олдик. Мураббийнинг барча кўрсатмаларини бажардик. Бу ўйин ўзимизга бўлган ишончни ошириб юборди. Японияга қарши ўйинда мағлубиятга учраган бўлсак ҳам, биз яхши ўйнадик. Бу ўйиндаги мағлубият бизни тушкунликка туширмайди. Ҳамманинг кайфияти яхши. Эртага ғалаба учун ўйнаймиз.

Шундан сўнг мураббий ва футболчи ОАВ ходимлари саволларига жавоб қайтарди.

Эктор Купер: Барча жамоаларнинг ўз ўйин услуби бор. Биз ҳам ўз ўйин услубимизга эга бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Ўйин фалсафаси деган сўзни ишлатишни истамаган бўлардик. Бу умумий тушунча. Албатта, биз Австралияга қарши ўйин олдидан баъзи ўзгаришларни амалга оширишимиз мумкин. Биринчи навбатда, эҳтиёткорликка аҳамият қаратамиз. Шу билан бирга ўз услубимизни намойиш қилишга ҳам интиламиз. Бутунлай ўз услубимиздан воз кечиш ниятимиз йўқ. Бу нотўғри бўларди.

Биз Осиё Кубогига мусобақани ютиш учун келганмиз. Фақат айрим жамоаларни эмас. Тўғри, Японияга қарши ўйинда мағлубиятга учрадик. Аммо биз мусобақадаги иштирокимизни давом эттиряпмиз. Барча футболчиларнинг эътибори Австралияга қарши ўйинга қаратилган. Бор куч ва имкониятларимизни ишга солишга тайёрмиз

Австралия билан бир меҳмонхонада яшаётганимизда ҳеч қанақа муаммо кўрмаяпман. Биз бир-биримиз билан дўстона мулоқотдамиз. Бир биримизга ҳурмат сақлаймиз. Меҳмонхонада ҳеч қандай зиддиятлар юзага келмаяпти, келмайди ҳам. Биз барчамиз профессионаллармиз. Майдонда рақибмиз, майдон ташқарисида дўстмиз.

Жалолиддин Машарипов: Австралияни нималар эвазига мағлубиятга учратишимиз мумкин? Бу ҳақида ҳозир бу ерда гапиришнинг ўрни эмас. Биз рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини ўргандик. Мураббийимизда аниқ режа бор. Биз шу режага амал қилишга интиламиз.

2011 йилда Қатарда Австралиядан йирик ҳисобда мағлуб бўлганмиз. Эртанги ўйинда ана ўша мағлубият аламини олмоқчимиз. Бу бизга қўшимча мотивация беради. Эртага йигитлар билан майдонга тушиб, реванш олишга ҳаракат қиламиз.

Эктор Купер: Японияга қарши ўйинда Машарипов финт ишлатган пайтда унга эътироз билдирганим йўқ. Мен бунга нормал қарайман. Футболчиларга эркин ўйнашга имконият бераман. Аммо ўйин пайтида бўшашиш керак эмас. Диққат-эътиборни жамлаб, концентрацияни сақлаб ҳаракат қилиш керак. Футболчилардан фақат шуни талаб қиламан.

Австралиянинг барча ўйинларини ўрганиб чиқдик. Улар тартибли жамоа, жисмоний жиҳатдан кучли. Индивидуал маҳоратли футболчилари кўп. Осиёнинг кучли футболчиларидан бири. Шунга қарамай, биз бор имкониятларни ишга солиб, уларни мағлубиятга учратишга ҳаракат қиламиз.

20 Yanvar, 2019|Янгиликлар|