Токио Олимпиадасига тайёргарлик авжида: МОҚ ишчи гуруҳи терма жамоаларимиз машғулотларига ташриф буюрди

Сир эмаски, Ўзбекистон Токио 2020 Олимпиадасида медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам ўз натижасини яхшилашни мақсад қилган. Спорт федерациялари Миллий олимпия қўмитаси томонидан тасдиқланган стратегия асосида иш олиб бормоқдалар. Айни пайтда бу йўлда кенг кўламдаги ишлар бажарилмоқда. Бироқ, шу билан бирга камчиликлар, ишни ташкил этишда йўл қўйилган хатолар хам йўқ эмас.

Бугун Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ яратилган шароит, машғулот жараёнларини кўздан кечириш учун спорт федерацияларига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳнинг ташрифи Ўзбекистон гимнастика федерациясидан бошланди.

Спорт залида терма жамоа аъзолари режа асосида ўз машғулотларини давом эттиришмоқда. Бадиий гимнастиканинг жамоавий йўналишида спортчиларимиз билан Россиядан ташриф буюрган тажрибали мураббий Екатерина Пирожкова иш олиб бормоқда. У Жасур Матчановга ўз режалари ҳақида гапириб берди, ишни ташкил этишда юзага келаётган муаммоларни маълум қилди. Бундан ташқари спорт зали учун лозим бўлган бир қатор жиҳозлар йўқлиги, жумладан, баландликка чиқиш машқларини олиб бориш учун махсус арқон ўрнатилмаганига алоҳида эътибор қаратилди.

Федерацияга ташриф давомида терма жамоа аъзолари овқатланадиган ошхона ҳам кўздан кечирилди. Ошхонани кўриш чоғида спортчиларнинг овқатланиш тартиби, рациони текширилди. Афсуски, кузатиш чоғида бу бўйича муаммолар борлиги, спортчиларнинг тўғри овқатланишини ташкил этишда камчиликларга йўл қўйилгани МОҚ Бош котибининг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Жасур Матчанов бу бўйича федерация шифокори билан суҳбатлашди, учрашув чоғида терма жамоа учун диетолог шифокор жалб этиб, ушбу муаммони бартараф этиш лозимлиги ҳақида гапирди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида ўз йиғинини ўтказаётган каратэчиларимизнинг машғулотига борди. Спорт залида терма жамоамиз аъзолари мураббий Ўктам Бекпўлатов қўл остида олдинда турган муҳим мусобақаларга тайёргарлик кўришмоқда. Спортчиларимиз шу кунларда Парижда ўтказиладиган Премьер-Лига мусобақасига жиддий ҳозирлик кўрмоқдалар. Бош котиб рейтинг мусобақасида иштирок этадиган спортчиларимиз билан суҳбатлашар экан, уларни қийнаётган муаммолар, яратилган шароитлар ҳақида сўради. 22 январь куни Франция пойтахтига жўнаб кетадиган спортчиларимизга омад тилади.

Навбатдаги манзил – Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси бўлди. Терма жамоа йиғинининг биринчи босқичи Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернатида бошланганди. Бугунги кунга келиб машғулотлар ассоциация спорт залида қизғин давом этмоқда. Спортчиларимиз белгиланган режа асосида машғулотларни олиб бормоқдалар. Ишчи гуруҳ у ерда ҳам спортчиларимиз учун яратилган шароитлар, овқатланиш жараёнини кўздан кечирди. Йўлга қўйилган камчиликлар юзасидан ассоциация мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди.