Камондан отиш. Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги янги босқичда

Ўзбекистон камондан отиш федерацияси спортнинг ушбу турини ривожлантириш йўлида туркиялик ҳамкасблар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган. Бу борада Туркия камондан отиш федерацияси билан меморандум ҳам имзоланган. Унга кўра, ҳар икки мамлакат терма жамоалари қўшма ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишмоқда. Бундан ташқари, Туркия терма жамоаси мураббийларидан бири Ўзбекистон терма жамоаси йиғинларида ҳам иштирок этиб, ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб келмоқда. Селекция ишларини олиб боришда ўзбекистонлик мураббийларга яқиндан ёрдам бермоқда.

Ана шу ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи доирасида 17 январь куни Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раҳбарияти ҳамда TIKA (Халқаро ҳамкорлик ва координация бўйича турк агентлиги) ўртасида учрашув ташкил этилди. Томонлар учрашув давомида камондан отиш спорти бўйича ҳамкорлик истиқболлари, мазкур спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, халқаро ареналарда юқори муваффақиятларга эришишда федерация иш фаолиятини тўғри йўлга қўйишнинг аҳамияти, халқаро тажриба, спортни оммалаштириш, моддий-техник базага эътиборни кучайтириш каби масалаларда фикр алмашилди. Учрашув иштирокчилари яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

18 Yanvar, 2019|Янгиликлар|