Японияга қарши ўйин олдидан терма жамоамизнинг расмий машғулоти бўлиб ўтди

Хабарингиз бор, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогининг гуруҳ босқичи доирасида Японияга қарши майдонга тушади.

Ушбу учрашув олдидан бугун Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз футболчилари расмий машғулот ўтказишди. Бугунги машғулот давомида футболчилар асосан енгил юкламалар олишди. Дарвозабонлар табиийки алоҳида шуғулланишди. Шуниндек, жамоа аъзолари иккига бўлинган ҳолда бир-бирларига қарама-қарши тўп суришди ва ушбу ўйин давомида тактик ишланмалар яна бир бор кўздан кечирилди. Эктор Купер футболчилардан босимни олиб ташлашга бел боғлаган кўринади. Учинчи тур ва 1/8 финал орасида вақт қисқа бўлганлиги сабаб терма жамоамиз устози футболчиларга катта юкламалар бермади. Аксинча, эртанги учрашувда баъзи футболчиларга дам бериши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Японияга қарши ўйин олдидан таркибдаги 23 нафар футболчининг барчаси соғ-саломат ҳолда бугунги машғулотда иштирок этди. Егор Кримецнинг ҳам дисквалификация муддати якунига етди ва у эртанги баҳсда терма жамоамиз сафида майдонга тушиш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамиз, Япония ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув эртага, Тошкент вақти билан соат 18:30 да бошланади.

Суратлар муаллифи Анвар Ильясов

16 Yanvar, 2019|Янгиликлар|