Эктор Купер: «Японияга қарши ўйинда уч очко учун майдонга тушамиз»

Осиё Кубоги гуруҳ босқичи доирасида ўтказиладиган Япония ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ОАВ ходимлари саволларига жавоб қайтарди. Матбуот анжумани давомида Куперга терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Жавоҳир Сидиқов ҳамроҳлик қилди.

Эктор Купер: Эртага Осиёнинг кучли жамоаларидан бирига қарши майдонга тушишимизни ҳис қилиб турибмиз. Бу биз учун муҳим учрашув. Навбатдаги босқичдаги тақдиримизга таъсир қиладиган ўйин ҳисобланади. Биз баҳсда ғалаба учун майдонга тушамиз. 1/8 финалда эса кимга қарши ўйин ўтказишимизнинг фарқи йўқ. Биз фақат эртанги ўйин ҳақида эмас, плей-офф ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Баъзи футболчилар иккита ўйинда ҳам иштирок этишди. Чарчоқ аломатлари бор футболчиларга эртага дам олиш имкониятини яратиб беришимиз мумкин. Аммо, бу биз уч очко учун майдонга тушмоқчи эмасмиз дегани эмас. Японияга қарши ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни ўтказмоқчимиз.

Жавоҳир Сидиқов: -Япония Осиёнинг энг яхши терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Биз ушбу учрашувга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Эртанги ўйин қандай аҳамиятга эга эканлигини ҳар бир футболчи тушуниб турибди. Биз олдинда турган ҳар бир учрашув ҳақида ўйлашимиз лозим.

Эктор Купер: Эртага албатта уч очко учун майдонга тушамиз. 180 дақиқа ўйнаган баъзи футболчиларга балки дам олиш имкониятини берамиз. Шунингдек, ҳисобида сариқ карточкаси бор футболчиларимизни ҳам ўйлаймиз. Агар эртага улар яна огоҳлантириш олсалар, 1/8 финалда ўйнай олмайдилар. Миср терма жамоаси билан Африка кубогида бундай футболчиларни майдонга туширишга қарор қилгандим. Кейинчалик бу хато қарор эканлиги маълум бўлди. Ушбу хатони Ўзбекистон терма жамоасида такрорламайман. Бу ерда ишга бошқача ёндошаяпман.

Бизга ғалаба жуда зарур. Асосий мақсадимиз – ғалаба қозониш. Шунинг учун ҳам эртага уч очко учун ўйнаймиз. Таркибимиздаги 23 нафар футболчининг барчаси ўйинга тайёр. Улар майдонга туша оладилар.

Менга 1/8 финалда кимга қарши ўйнашимизнинг фарқи йўқ. Тўғри, балки Австралия кучли терма жамоадир. Аммо, бу ерда ҳар бир жамоа «сюрприз» қила олади. Сиз Осиё Кубогида ғолиб бўлишни хоҳласангиз, исталган рақиб билан ўйнашингиз лозим. Қаерда ишлашимдан қатъий назар мен учун қоидаларим ўзгармайди – Европа, Америками, Осиёми. Мен ҳар бир ўйинга ғалаба учун чиқаман.

Тарих ёки статистика билан ўзини хурсанд қилиш албатта яхши. Аммо, битта учрашувда бу катта аҳамиятга эга эмас. Ўйин пайтида биз бу ҳақида ўйламаймиз. Футболда барча нарса майдонда ҳал бўлади.

Жавоҳир Сидиқов: Бунгача Япония терма жамоаси билан кўп маротаба ўйин ўтказганман. Ўсмирлар, ёшлар терма жамоаси сафида ушбу юрт жамоаларига хеч қачон мағлуб бўлмаганман. Хитойда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати чорак финалида ҳам Японияни мағлуб эта олганмиз. Жамоадошларим ўзига ишонмоқда.

Эктор Купер: Агар Японияни мағлуб этишнинг қандайдир сирини билсам, уни албатта қўллаган бўлардим. Биз қисқа вақт ичида ўйинни ривожлантиришга, жамоани шакллантиришга ҳаракат қилдик. Рақиб кучли. Тезкор футболчиларга эга, яхши прессинг уюштира олади. Бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз уларга имконият бермаслик. Ҳар қандай вазиятга тайёр тура олишимиз керак.

Кейинги босқични қайси шаҳарда, қайси стадионда ўтказишимизнинг фарқи йўқ. БААда шароитлар ажойиб. Шунинг учун, бунинг катта аҳамияти йўқ. Бу иккинчи даражали нарса. Биз эртага фақат уч очко учун ўйнаймиз.

 

Суратлар муаллифи – Анвар Ильясов

16 Yanvar, 2019|Янгиликлар|