Тошкент шаҳри халқаро марафонга мезбонлик қилади

Шу йилнинг, 24 март куни пойтахтимизда I Тошкент халқаро марафони ташкил қилиниши режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан айни пайтда Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси (IAAF) вакиллари пойтахтимизда бўлиб туришибди. Ишчи гуруҳ томонидан халқаро марафон трассасини ўлчаш жараёнлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, халқаро марафон ташкил қилиш учун югуриш трассасининг денгиз сатҳидан баландлиги, масофа, йўл текислиги ва бошқа стандартлар ҳисобга олинади. Ана шу жиҳатлар тўғри келган тақдирда Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси томонидан мазкур трассага марафон ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификат тақдим этилади. Тошкент мезбонлик қиладиган марафон 21 095 метр масофа бўйича ташкил қилиниши режалаштирилмоқда. Қайд этиш лозимки, бундай даражадаги халқаро марафон юртимизда илк маротаба бўлиб ўтади.