Мурод Холмуродов: «Асосий мақсадим – Токио Олимпиадасида муносиб иштирок этиш»

Велоспорт бўйича Жакартада ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган Мурод Холмуродов қитъа чемпионати, шунингдек, мақсадлари ҳақида гапириб ўтди.

«Мусобақадан олган таассуротларим жуда яхши. Осиё чемпионатига жиддий тайёргарлик олиб боргандик. Бу борада биз учун керакли барча шароитлар яратиб берилди. Шуни қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда ишга профессионал тарзда ёндошилмоқда. Моддий-техник базамизга эътибор кучайтирилди. Халқаро йиғинлар ўтказдик. Бу эса ўз самарасини берди ва биз илк маротаба Осиё чемпионатида 7 та медаль қўлга кирита олдик. Қитъа биринчилигида гуруҳ пойгаларида очколар бўйича бронза медалига сазовор бўлдим.

Асосий мақсадимиз – Токио 2020 Олимпиадасида муносиб иштирок этиш. Кунчиқар юрт мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларига лицензия олиб, совриндор бўлишни истайман. Бундан ташқари, олдинда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган шоссе бўйича Осиё чемпионати бор. Ушбу мусобақада ҳам юқори натижаларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз», – деди Холмуродов.

15 Yanvar, 2019|Янгиликлар|