Купер Туркманистонга қарши баҳс олдидан: «Ким кучлироқ эканлигини майдондаги ўйин кўрсатади»

Хабарингиз бор, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи тури доирасида Туркманистон терма жамоасига қарши ўйин ўтказади. Бугун мазкур учрашув олдидан матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда терма жамоамиз устози Эктор Купер ҳамда ҳимоячи Анзур Исмоилов иштирок этди.

Эктор Купер: Иккинчи ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Туркманистон яхши шаклланган жамоа. Биз уларнинг Японияга қарши ўйинини томоша қилдик. Туркманистонга қарши фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.

Анзур Исмоилов: Туркманистонга қарши ўйинга тайёрмиз. Эртага фақат ғалаба қозониш ва уч очкони қўлга киритиш учун майдонга тушамиз.

Гуруҳдаги биринчи ўйин ҳақида

Уммонга қарши ўйинни ҳамма турлича таҳлил қилди. Муҳими биз ўша ўйинда ғалаба қозондик. Уммон кучли терма жамоа. Улар Форс Кўрфази мусобақасида ғалаба қозонишган. Шу сабабли уларни мағлубиятга учратганимиздан хурсандмиз. Туркманистонга қарши ўйинда аввалги хатоларимизни тўғирлаб, чиройли ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз.

Туркманистон терма жамоаси ҳақида

Туркманистон терма жамоасининг устунликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар тартибли жамоа. Японияга қарши ўйинда улар тартибли ҳаракат қилишди, лекин уларга тажриба етишмади. Эртага майдонга тушадиган ҳар икки терма жамоанинг ўз ўйин услуби бор. Ким кучлироқ эканини майдондаги ўйин кўрсатади.

Кримецнинг ўрнига ким тушиши мумкин?

Кримец қизил карточка туфайли эртанги ўйинни ўтказиб юборади. Аммо бизда унинг ўрнига майдонга тушиши мумкин бўлган икки нафар футболчи бор. Улардан қайси бири ўша пайтда яхшироқ формада бўлса, ўша футболчи асосий таркибда майдонга тушади.

Эртанги ўйинда ҳам ҳимоявий тактика қўлланадими?

Туркманистон терма жамоаси ҳимоясида ўзига яраша муаммолар бор. Биз эртага ана шу муаммолардан фойдаланиб ҳужум ташкил қилишга ва рақиб дарвозасини ишғол қилишга уринамиз.

Мураббий услуби ҳақида

Миср терма жамоасида ишлаганимда бошқача услубда тўп сурганмиз. Ўзбекитонда бошқача услубни шакллантирмоқдамиз. Баъзи ўхшашликлар бўлиши мумкин, лекин бу икки мамлакат футболи турлича. Биз мухлисларга ва журналистларга ёқадиган ўйин намойиш қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Бугунги Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида

Анзур Исмоилов: Терма жамоада тажрибали футболчилар билан бирга ёш футболчилар ҳам бор. Ўзига хос баланс ўрнатилган. Бизнинг ортимиздан жуда кўплаб кучли футболчилар етишиб чиқмоқда. Умид қиламизки, улар билан ўз мақсадимизга етамиз.

12 Yanvar, 2019|Янгиликлар|