Ёш спортчиларимиз «Ватанпарварлик ойлиги»да фаол иштирок этишмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойишига биноан 15 декабрдан бошлаб Республикамизда «Ватанпарварлик ойлиги» ўтказилмоқда. Шу муносабат билан жойларда турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси 6 январь куни Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, «Гандумтош» қишлоғида ўтказилди.

Ёшларга ватанпарварлик рухини сингдириш мақсадида ташкил этилган фестивалда буюк боболаримиз Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби улуғ саркардаларнинг жанг олиб бориш санъати, ватан ҳимояси йўлида кўрсатган қаҳрамонликларини ўз ичига олган саҳна кўринишлари, замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўтказилди.

Бундай тадбирларда спортчиларимиз ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан, камондан отиш, бокс, каратэ, таэквондо билан шуғулланаётган ёшларимиз ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Маълумот учун, «Ватанпарварлик ойлиги» 15 январга қадар давом этади.

 

8 Yanvar, 2019|Янгиликлар|