Янги йилингиз билан азиз ватандошлар!

«Биз спорт соҳасида муваффақиятли келган 2018 йил билан хайрлашмоқдамиз. Ортда қолаётган йилда Миллий олимпия қўмитаси спортчиларни халқаро мусобақаларга муносиб тайёрлаш бўйича ишларни давом эттирди, ислоҳотларни амалга оширди.

Йил ўзбек спортчиларининг XVIII Осиё ва III ПараОсиё ўйинлари (Индонезия), шунингдек, III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларидаги (Аргентина) ёрқин ғалабалари ва рекордлари билан ёдда қолди.

Бир неча кун олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатларида мамлакатимизда спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзига бағишланган масалаларга алоҳида эътибор қаратиб ўтдилар. Ўзбекистон Осиё ўйинларини ўтказишга қодир эканлиги мамлакат раҳбари томонидан қайд этилди.

Янги йилда ушбу масала бўйича, узоқ муддатли режа асосида кенг кўламдаги ишни ҳаётга татбиқ этиш ниятидамиз. Шунингдек спортчиларни лицензион мусобақаларга сифатли тайёрлаш ишларини давом эттириш керак бўлади.

Олдинда тўрт йиллликнинг энг нуфузли мусобақаси – Токио 2020 Олимпиадаси бизни кутмоқда. Биз ушбу «имтиҳон»ни «аъло» баҳога топширишимиз шарт.

Ўзбекистон аҳли ва мамлакатимиз меҳмонлари, спорт ташкилот вакиллари ва биз учун севимли бўлган спортчи ва мураббийлар. Миллий олимпия қўмитаси сизни яқинлашиб келаётган 2019 йил билан табриклайди. Сизга муваффақиятлар, янгидан-янги ғалабалар, медаллар ва куч-қувват тилаймиз!

Янги йилингиз муборак бўлсин!».

Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов.