«Миллий спорт мукофоти-2018». Бокс вакиллари иккита йўналишда ғолиб

«Миллий спорт мукофоти-2018» лауреатлари билан интервьюларни эътиборингизга ҳавола қилишда давом этамиз. «Йилнинг энг яхши мураббийи» йўналишида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси устози Марат Қурбонов ғалаба қозонди.

«Бокс мамлакатимизда яхшигина оммалашган. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида болалар спортнинг ушбу тури билан шуғулланадилар. Ўз навбатида биз ҳам энг кучли спортчиларни танлаб, уларни тарбия қиляпмиз. Боксни янада кучайтириш йўлида ҳаракат қилмоқдамиз. 2018 йил боксимиз учун улкан ғалабаларга бой бўлди. Биринчи навбатда Жакартадаги Осиё ўйинларини қайд этишни истардим. У ерда биз барча – 7 та вазн тоифасида муваффақиятли иштирок этдик. Спортчиларимиз ишончни оқлай олишди. Мирзаҳалилов, Батуров каби боксчилар кашф этилди. Авваллари улар захира таркиби аъзоси ҳисобланардилар. Энди эса Осиё ўйинларида олтин медалга эга чиқишди. Ёшларимиздан эса Халаков ҳақида гапиришим мумкин. У бокс оламида дастлабки қадамларини ташламоқда. Ўсмирлар Олимпиадасида чемпион бўлди. Бизда ҳали биргаликда иш олиб бораётган истеъдодли спортчилар кўп. Шунингдек, профессионал рингдаги чарм қўлқоп усталаримиз ҳам бор. Улар проф боксда 15 та жанг ўтказгунга қадар ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда қатнашишлари мумкин. Тақдирлаш маросими ҳақида гапирадиган бўлсам, кўрсатилган эътибор учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Барчага кириб келаётган янги йил муборак бўлсин», – деди Марат Қурбонов.

«Йилнинг энг ёш ва истиқболли спортчиси» сифатида Абдумалик Халаков тан олинди. Ёш боксчи 2018 йилда жаҳон ва Осиё чемпионатида, шунингдек, ўсмирлар Олимпиадасида олтин медални қўлга киритди.

«Масъулиятли йил бўлди. Мен ўзимни фақатгина ғалабага тайёрлагандим. Режаларимизнинг барчасини амалга ошира олганимдан хурсандман. Олдимизда турган 2019 йил янада қийин бўлади. Ушбу йўналишда ғалаба қозонганимдан мамнунман. Меҳнатимни эътироф этгани учун Миллий олимпия қўмитасидан миннатдорман. Бу мени навбатдаги ғалабалар сари чорлайди ва янада кучайтиради», – деди Абдумалик.

30 Dekabr, 2018|Янгиликлар|