«Миллий спорт мукофоти-2018» тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди + ФОТОГАЛЕРЕЯ

Ортда қолаётган 2018 йил ўзбек спорти учун унутилмас бўлди десак муболаға бўлмайди. Йил давомида ўзбекистонлик спортчилар Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ва III ПараОсиё ўйинлари, шунингдек, Аргентинадаги III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам рекордларни янгилашди. Бундан ташқари ҳамюртларимиз турли халқаро мусобақаларда, рейтинг турнирларида, қитъа ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этдилар. МОҚ йил давомида катта ҳажмдаги ишни амалга оширди. Спортчиларнинг нуфузли мусобақаларга тайёрланишлари учун шароитлар яратилди, спорт федерациялари ва ассоциациялари билан ишлаш тизими такомиллаштирилди. Халқаро спорт ташкилотлари билан алоқалар мустаҳкамланди. Бу эса албатта спортчиларимизнинг халқаро ареналардаги муваффақиятларига яхшигина сабаб бўлди.

Йил якунлангани сари, ҳар бир соҳада эришилган ютуқлар, камчиликлар сарҳисоб қилинади, энг яхшилар эътироф этилади. Жумладан, спорт соҳасида ҳам. Шу мақсадда бугун, 28 декабрь куни «Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи»да Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан илк маротаба катта масштабдаги «National Sports awards-2018» (Миллий спорт мукофоти-2018) тақдирлаш кечаси ташкил этилди.

Тантанали тақдирлаш кечасига энг яхши спортчилар, спорт ташкилотлари вакиллари, спорт фахрийлари, Олимпия ўйинлари чемпионлари, ўзбек эстрадаси юлдузлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мухлислар ташриф буюрдилар.

Йилнинг энг ёдда қоларли тадбирларидан бирида қуйидаги номинациялар бўйича мукофотлар ўз эгасини топди.

«Йилнинг энг яхши спорт жамоаси» – Футбол бўйича Ўзбекистон U-23 терма жамоаси

 

«Йилнинг энг яхши инновацион ва интеллектуал фаол федерацияси» – Ўзбекистон шахмат федерацияси

 

«Йилнинг энг фаол федерацияси» – Ўзбекистон кураш федерацияси

 

«Ҳудудларда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» – Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов

 

«Энг яхши спорт ҳомийси» – Очилбой Раматов

 

«Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун» – Оксана Чусовитина

 

«Энг фаол спорт тарғиботчиси» – Зафар Имомхўжаев

 

«Йилнинг энг яхши паралимпиячиси» – Рўза Қўзиева

 

«Йилнинг энг яхши спорт журналисти» – Марина Якубова

 

«Спорт соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» – Равшан Жўраев («УзРепорт» телеканали директори)

 

«Энг яхши ижтимоий лойиҳа» – Зоҳид Каримов («Спорт» телеканали директори)

 

«Йил кашфиёти» – Акбар Жўраев

 

«Йилнинг ёш ва истиқболли спортчиси» – Абдумалик Халаков

 

«Йилнинг энг яхши мураббийи» – Марат Қурбонов

 

«Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизмати учун» – Руфат Рисқиев

 

«Йилнинг энг яхши аёл спортчиси» – Светлана Радзивил

 

«Йилнинг энг яхши эркак спортчиси» – Бекзод Абдураҳмонов

Эстрадамиз юлдузларининг чиқишлари, «Браво» жамоасининг саҳна кўриниши тадбирга янада кўтаринки рух бағишлади.

Ўз йўналишида тенгсиз деб топилганларга эксклюзив соврин топширилди. Унинг дизайни ўзига хос бўлиб, спортчининг иродаси, давлатнинг ғамхўрлиги ва мураббийнинг меҳнатлари совринда акс эттирилган. Айнан ушбу омиллар спортчига жаҳон ареналарини забт этиш, муваффақиятли иштирок ва ўз юрти байроғини юксакларга кўтаришга ёрдам беради. Умид қиламизки, спортчиларимиз бундан кейин ҳам бизни ғалабалар, муваффақиятлар ва янги рекордлар билан хурсанд қиладилар. Олдинда бизни лицензион мусобақалар, ундан кейин эса Токио 2020 Олимпиадаси кутиб турибди.