Ўзбекистонда илк маротаба! Миллий олимпия қўмитаси «Миллий спорт мукофоти-2018» тақдирлаш маросимини ўтказади

2018 йил ўзбек спорти учун ҳар томонлама муваффақиятли кечди. Йил давомида ўзбекистонлик спортчилар Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ва III ПараОсиё ўйинлари, шунингдек, Аргентинадаги III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам рекордларни янгилашди. Бундан ташқари ҳамюртларимиз турли халқаро мусобақаларда, рейтинг турнирларида, қитъа ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этдилар.

Йил якунлангани сари, ҳар бир соҳада эришилган ютуқлар, камчиликлар сарҳисоб қилинади, энг яхшилар эътироф этилади. Жумладан, спорт соҳасида ҳам. Шу мақсадда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан илк маротаба катта масштабдаги «National Sports awards-2018» (Миллий спорт мукофоти-2018) тақдирлаш кечаси ташкил этилади.

Хабарингиз бор, спорт соҳасида йил лауретларини аниқлаш мақсадида МОҚ расмий сайти www.olympic.uz да тўртта йўналиш бўйича сўровнома ташкил этилганди. Энди Миллий олимпия қўмитасининг махсус комиссияси сўровнома натижаларини ўрганиб чиқади ва якуний қарор 28 декабрь куни «Халқаро анжуманлар саройи»да ўтказиладиган тақдирлаш маросимида эълон қилинади. Ўша оқшом умумий ҳисобда 18 йўналида йилнинг энг яхшиларига мукофотлар топширилади.

Дарвоқе, ушбу тантанали тақдирлаш маросимига ташриф буюриш имконияти мухлисларда ҳам мавжуд. Сайтимизнинг Facebook’даги саҳифаси орқали ташкил этиладиган танлов орқали ушбу тадбир учун таклифномани қўлга киритишингиз мумкин. Шошилинг, бунақаси ҳали бўлмаган!