Чим устида хоккей. Вакилларимиз Покистондаги турнирда иккинчи ғалабани қайд этдилар

Шу кунларда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида чим устида хоккей бўйича «Hockey Series Open» халкаро турнирининг биринчи босқич баҳслари бўлиб ўтмоқда. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда.

Вакилларимиз турнирда Қозоғистон, Непал ва Афғонистон терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олганлар. Йигитларимиз ҳозирча гуруҳда иккита ўйин ўтказиб, уларнинг ҳар иккисида ҳам ғалаба қозонишди. Биринчи турда Афғонистон терма жамоаси устидан 11:0 ҳисобида ғалаба қозонган хоккейчиларимиз, бугун иккинчи тур доирасида ўтказилган баҳсда Непални 6:1 ҳисобида таслим этишди. Гуруҳдаги сўнгги ўйин 22 декабрь куни Қозоғистон терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.

Маълумот учун, гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган терма жамоа 2019 йилда Ҳиндистонда ўтказиладиган финал баҳсларига йўл олади. Турнирнинг финал босқичида эса Токио 2020 Олимпия ўйинларига лицензиялар ўйналади.

20 Dekabr, 2018|Янгиликлар|