Ольга Забелинская Швейцариядаги мусобақада олтин медални қўлга киритди

Велоспортнинг трек йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Швейцарияда профессионал велоспортчилар ўртасидаги халқаро «Track Cycling Challenge» мусобақасида иштирок этишаётганди. Қувонарлиси турнирда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ольга Забелинская гуруҳ пойгаларида барча рақибларидан яхши натижа кўрсатди (48 очко) ва биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Лидия Бойлан (46 очко, Ирландия) ва Елена Чеккини (44 очко, Италия) га насиб қилди.

Эслатиб ўтамиз, Забелинская кузда Францияда ўтказилган «Chrono des Nations» халқаро мусобақасида иштирок этиб, Ўзбекистон терма жамоасига дастлабки олтин медалини тақдим этганди.

Маълумот учун, ушбу халқаро турнир спортчиларга Токио 2020 Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини тақдим этади.