Миллий олимпия қўмитаси томонидан ташкил қилинган селекция ишлари ўзининг қизғин палласида

Аввалроқ Миллий олимпия қўмитаси енгил атлетика бўйича Республика бўйлаб кенг миқёсдаги селекция ишларини бошлагани ҳақида хабар қилгандик. Кўрик-танлов сифатида ўтказилаётган селекциянинг дастлабкисига 25 ноябрь куни Андижон вилоятида старт берилганди. Шу кунгача мамлакатимизнинг 11 та вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида селекция ишлари олиб борилди.

Вилоятларда, чекка-чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ёш йигит-қизлар ўзларини ядро улоқтириш, узунликка сакраш, баландликка сакраш ва 60 метрга югуриш каби йўналишларда синаб кўришди. Иқтидорли спортчилар мураббийлар томонидан саралаб олинди. Эндиликда танлаб олинган спортчилар билан мураббийлар техник-тактик йўналишда иш олиб боришади ва мусобақаларга тайёрлашади.

Асосий мақсад – терма жамоамизга янги номларни етиштириб бериш ва келажакда уларни халқаро мусобақаларда, Олимпия ўйинларида иштирок этиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтаришини таъминлашдир.

Эндиликда яна икки ҳудуд – Тошкент вилояти (16 декабрь) ва Тошкент шаҳри (17 декабрь)да истиқомат қилувчи ёшларимиз учун селекцион мусобақа ташкил қилинади. Ҳар икки кўрик-танлов ҳам Чирчиқ шаҳридаги Ўзбек давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилади. Ўзингизни синаб кўриш учун жуда яхши имконият. Фурсатни бой берманг!

15 Dekabr, 2018|Янгиликлар|