Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси МОҚни Токио 2020 Олимпиадаси учун ишлаб чиқилган режа билан таништирди

Хабарингиз бор, Миллий олимпия қўмитаси мамлакатимиздаги спорт федерациялари ва ассоциациялари билан бирга 2020 йилги Олимпия ўйинлари учун режаларни муҳокама қилмоқда. Бундай йиғилишларнинг навбатдагиси бугун, 13 декабрь куни ташкил этилди. Унда Ўзбекистон каратэ (WKF) Миллий федерациясининг Японияда ўтказиладиган Олимпия ўйинлари учун ишлаб чиққан режаси таништирилди.

Йиғилиш давомида терма жамоамиз бош мураббийи Ўктам Бекпўлатов янги мавсум учун режалар, спортчиларимизнинг назарий имкониятлари, Олимпия ўйинлари учун ўтказиладиган рейтинг мусобақалари ва бошқа масалалар юзасидан маълумот берди.

Шунингдек, спортчиларимизнинг жисмоний ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Ортда қолган мусобақалар таҳлил қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги Олимпия ўйинларида каратэ илк бора мусобақа дастуридан ўрин олади. Кунчиқар юрт мезбонлик қиладиган Олимпиадада кумитэ бўйича 6 та вазн тоифасида (3 та эркаклар, 3 та аёллар) медаллар учун кураш кечади. Шунингдек, яна иккита медаль ката йўналиши учун ажратилади.

 

13 Dekabr, 2018|Янгиликлар|