Баҳодир Жалолов профессионал боксдаги тўртинчи ғалабасига эришди

Ҳаваскор боксда жаҳон чемпионати совриндори, бугунги кунда профессионал боксда фаолият олиб бораётган оғир вазнли чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалолов бугун ўзининг навбатдаги жангида рингга кўтарилди.

АҚШнинг Калифорния штати Ла Пуэнте шаҳридаги «Industry Hills Expo Center» мажмуасида ўтказилган жангда боксчимизга америкалик Валентин Маркес рақиблик қилди.

Қувонарлиси, Баҳодир жангнинг биринчи раундидаёқ Маркесни нокаутга учратди ва фаолиятидаги тўртинчи жангни ҳам муддатидан олдин якунлади.

Шу тариқа, Баҳодирнинг проф рингда ўтказган жанглари сони тўрттага етди. У барча жангларини нокаут билан якунлаган. Валентин эса проф рингда 10та жанг ўтказган. Бешта жангда ғалаба (2таси нокаут билан) қозонган, 5та жангда мағлубият аламини тотиб кўрган. Баҳодирга қарши баҳсда у фаолиятидаги илк нокаутини қабул қилиб олди.