Таэквондони ривожлантириш халқаро фонди билан бир қатор масалалар бўйича келишувга эришилди

Бироз аввал Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Жанубий Кореяда Осиё таэквондо иттифоқи раҳбари Ли Кю Сёк билан учрашиб, бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар қилгандик. Мазкур учрашувда унга Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Аҳмаджон Раҳимов ҳамроҳлик қилмоқда.

Таэквондо масаласи бўйича навбатдаги учрашув Жанубий Корея маданият ва спорт вазирлиги қошидаги таэквондони ривожлантириш давлат фонди раиси Санг Вук Ли билан ўтказилди. Фонднинг асосий фаолияти таэквондо WTFни дунё бўйлаб ривожлантириш ва оммавийлаштиришдан иборатдир. Учрашув давомида Марказий Осиёда таэквондо ассоциациясининг ташкил этилиши, мазкур ассоциацияга аъзо мамлакатлар спортчилари ўртасида халқаро мусобақаларни ташкил қилиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Ўз навбатида, жаноб Ли ташкилий масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, учрашувда ўзбекистонлик таэквондочиларнинг Мужу шаҳрида жойлашган таэквондо марказида ўқув-машғулот олиб боришлари бўйича келишиб олинди. Маълумот учун, мазкур таэквондо маркази ўз йўналишида жаҳонда энг йириги ҳисобланади. У ерга ер юзининг турли мамлакатларидан таэквондочилар ташриф буюришади ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ўтказадилар. Учрашувда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ҳам таэквондони ривожлантириш фонди фаолиятини кучайтириш бўйича келишувга эришилди.

3 Dekabr, 2018|Янгиликлар|