Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясига янги раис сайланди

Хабарингиз бор, юртимиздаги спорт федерациялари билан бирга Токио 2020 Олимпиадаси учун стратегия ишлаб чиқилган. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига тайёргарлик йўлида Ўзбекистонда замонавий бешкураш спорт турини ривожлантириш ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу борада федерация фаолиятини такомиллаштириш катта аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан бугун, 3 декабрь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди. Тадбирда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти, енгил атлетика, қиличбозлик, сузиш, ўқ отиш федерациялари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Конференцияни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентининг маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов олиб борди. Кун тартибидан ўрин олган асосий масала ташкилотга янги раҳбар сайлаб олишдан иборат эди. Федерациянинг аввалги раҳбари Фарруҳ Фазлиев бошқа ишга ўтгани муносабати билан бўшаб қолган лавозимга бунгача Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси ўринбосари сифатида фаолият олиб борган Баҳром Газиев номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан Б.Газиев номзодини қўллаб-қувватлашди ва шу тариқа у Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раисига айланди.

Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти федерациянинг янги раисига олдинда турган масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилади, федерация фаолиятини ривожлантириш бўйича тегишли кўрсатмаларни берди. Ўз навбатида, Баҳром Газиев ўз режаси билан барчани таништирди. Асосий мақсад – Токио 2020 Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритиш эканлигини қайд этиб ўтди.

Маълумот учун, замонавий бешкураш спортида атлетлар бешта йўналиш – қиличбозлик, сузиш, от спорти, югуриш ва пистолетдан ўқ отиш бўйича кураш олиб борадилар. Мазкур спорт тури илк маротаба 1912 йили Стокгольм мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида дастурга киритилган.

3 Dekabr, 2018|Янгиликлар|