Ёш шахматчиларимиз тарихда илк маротаба Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида ғолиб чиқишди

Туркиянинг Конья шаҳрида 16 ёшгача бўлган бўлган ақл-идрок соҳиблари ўртасида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси якунланди. Бугун ҳамюртларимиз сўнгги, тўққизинчи тур доирасида Хитой терма жамоасига қарши баҳс олиб боришди ва 2,5 : 1,5 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Шу тариқа вакилларимиз 9 тур якунига кўра фахрли олтин медалга эга чиқдилар. Шахматчиларимиз мусобақа давомида Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша, Молдова каби терма жамоаларни мағлуби этишди. Битта турда америкалик рақибларга имконият бой берилди. Шахмат Олимпиадасида юртимиз шарафини Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов ва Ситора Сапарова ҳимоя қилди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон терма жамоаси аввал бундай натижа кўрсатмаган. Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг мазкур олтин медали ўзбек шахмати тарихида дастлабкисидир.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан ёш шахматчиларимиз, уларнинг мураббийлари ва Ўзбекистон шахмат федерациясини муборакбод этади.