Умид Аҳмаджонов билан интервью: Суперлигадаги тажрибалар, кейинги мавсум учун режалар ва клубларнинг хусусийлаштирилиши ҳақида

30 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати, биринчи марта формати янгиланган ҳолда ўтказилган Суперлига якунланди. Kun.uz Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан интервью уюштирди.

— Ўзбекистон футбол мамлакати. Бизда футбол клублари жуда кўп. Масалан, Марказий Осиё мамлакатлари билан таққослаганда, бизда клублар сони ҳам, футболга бўлган қизиқиш ҳам сезиларли даражада юқори. Жамоалар сони жуда кўп бўлган мамлакатнинг юқори дивизионида 12тагина жамоа бўлиши мантиқсизлик эмасми?

— Йўқ, мантиқсизлик эмас. Масалан, Қозоғистонда футбол клублари сони камроқ бўлса-да, уларнинг бюджети бизнинг клубларникидан каттароқ бўлиши мумкин, тўғрими? Биз футболчилар ва шу соҳага эътибор жиҳатидан олиб қараганда, Марказий Осиёнинг энг олди мамлакатимиз. Шунинг учун ҳам фақат сонга эмас, сифатга эътибор беришни тўғрироқ билдик. Қуйидан юқорига қараб қайси жамоалар интилди? «Андижон», «Машъал», «Истиқлол», «Сурхон», боринг ана, «Динамо» ҳам. Энди уларни ҳам Суперлигага олсак, Про-лигада кимлар рақобат ҳосил қилади? Қуйи лигада рақобат бўлмаса ва Суперлига клублари уларни исталган вақтда алмаштириши мумкин бўлган клублар пастда тайёрлигини ҳис қилмаса, қандай қилиб ривожланади?

Кейин, футбол мамлакати сифатида баҳоланса, Англияю Испанияда 20тадан жамоалар ўйнайди, ўйинлар сифати юксак. Шу ўлчов билан олганимизда, бизнинг даражамизда 12та жамоа Суперлигада иштирок этиши у қадар паст натижа эмас. Форматни ўзгартирганимиз қизиқтириш, футболимизга янги қон олиб кириш учун қилинган иш эди. Чунки қотиб қолган футболимизни нимадир қилиб уйғотмаса бўлмасди.

ЎФА мавсум бошида Суперлигада иштирок этувчи жамоаларнинг 25 миллиард сўмдан пули бўлиши кераклигини маълум қилганди. Лекин мавсум ўртасига келиб «Бухоро» клуби футболчиларининг маошларини тўлолмай қолди. Бундан келиб чиқадики, «Бухоро» 25 милиард сўм пули бўлмай туриб Суперлигада қатнашишга рухсат олган, тўғрими? Ёки клубдагилар ярим мавсумдаёқ 25 миллиард сўмни ишлатиб қўйишганми?

— Бир жиҳатни тушунинг, агар 25 миллиард пули бўлмаган жамоани Суперлигада ўйнатмасак, унда фақатгина 2та клуб қолиши мумкин. Одатда ҳомийлар нормал футбол клубининг йиллик сметаси қанча бўлиши керак деган саволни ўртага ташлайди. 25 миллиард айнан улар учун қаратилган. Суперлигада иштирок этадиган ва ўз олдига бирор мақсад қўядиган клубнинг йиллик сметаси шу суммадан кам бўлмаслиги керак аслида. Бироқ биз давлат ташкилотларни мажбурлаб, улардан пул ундириб берадиган ташкилот эмасмиз, биз маслаҳат берамиз, тавсия берамиз. Унга қулоқ солинмаган тақдирда эса клублар картотекадан чиқа олмайди ёки ўз олдига бирор мақсад қўя олмайди.

Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Кимдир шу 25 миллиардни ҳам самарали ишлата олмайди, келажакка пойдевор қўймайди, балки бир йилдаёқ еб битиради. Яна кимдир эса 20 миллиард билан ҳам анча самарали ишлай олади. Бу энди клубларни бошқараётган раҳбарларга боғлиқ масала.

— ПФЛ мавсум аввалида «Динамо» ва «Машъал» каби жамоаларга стадионларидаги шароитлар яхши эмаслигини айтиб, Суперлигада қатнашишга рухсат бермади. Мавсум давомида эса Суперлигада иштирок этишга рухсат олган бир қатор жамоаларнинг стадионларида табло, майдон, электр тизими билан боғлиқ муаммолар борлиги кўриниб қолди. Бу ҳолатлар турган гапки самарқандлик ва мубораклик мухлисларни норози қилгани табиий. Нега уларга айрича муносабатда бўлинди?

— Лицензиялаш талабида фақатгина майдон эмас, бошқа жиҳатлар ҳам бор. Клубларнинг ўзида Суперлигада ўйнаш учун хоҳиш, имконият бўлиши керак. Бу йил ўша хоҳиш нисбатан «Машъал»да кўринмоқда, бироқ «Динамо» Про-лигадаги рақобатда ҳам ютиб чиқа олмади. Келаси мавсум учун талабларда катта фарқ йўқ, бироқ жамоалар билишсинки, ижро қаттиқ бўлади. Бу сафар ҳам шунчаки қутулиб қоламан деб ўйлаган клуб Суперлигада ўйнамайди. Энди ҳеч кимни аяш йўқ. Президентимиз бошида айтганларидек, футболни ёки кўтариш керак ёки йўқ қилиш. Биз уни кўтармоқчимиз, мақсади бошқачароқ бўлганларга эса орамизда жой йўқ.

— ПФЛ айни дамда фақат учта жамоанинг майдони талаб даражасида эканини маълум қилди. Демак, қолган 9 жамоа бутун мавсум давомида талаб даражасида бўлмаган майдонда ўйнаб келган. ПФЛ майдони талабга жавоб бермаган жамоаларни қандай қилиб лицензиядан ўтказган? Ёки талаблар ўзгариб қолдими?

— Сизга мисол келтираман. Йил бошида АГМК стадионининг майдони зўр ҳолатда эди. Кейин эса унинг майсалари сарғайиб кетди. Кимдир йўқни бор қилиб кўрсатади, кимдир борни йўқ қилади. Нега «Насаф», «Пахтакор», «Локомотив» стадионларининг ҳолати ўзгармайди, чунки уларда стадион майдонига жавоб берувчи алоҳида персоналлар бор. 2018 йилги мавсум шу хулосага сабаб бўлди, энди ПФЛ мана шундай штатларни ҳам талаб қилиши керак экан. Келаси йилдан бундай ишчилар ҳар бир стадионда бўлиши керак. Йўқса йил бошида бинойидек кўринган стадионлар, кузга келиб қараб бўлмайдиган аҳволда қоляпти.

— Ўтган мавсумда Иккинчи лига ғолиблари ўртасида Биринчи Лигага чиқиш ўйинлари (яъни пулка) ўтказилмади. Айтингчи, ўз лигасида ғалаба қозонган тақдирда ҳам барибир юқори дивизионга кўтарила олмаслигини билган жамоа мавсум аввалида ўз олдига қандай мақсад қўйиши мумкин? Айнан мана шу жиҳатдан ПФЛда тартиб йўқолиб қолмадими?

— Мақсад қўйишни ҳамма билади. Бироқ мақсад қўяётган томон, мен шунга ўзи тайёрманми, деб савол бериб кўриши керакми? Бу йил Про-лига нега икки тенг бўлмаган гуруҳга ажратилганди, деб ўйлайсиз? Менга шундай таклиф беришаётганда, 2019 йилги мавсумнинг эҳтимолий режаси билан ҳам таништиришганди. 2018 йилги мавсум кўрсатдики, ўшандаги фаразлар тўғри чиқди. Б гуруҳда ўйнаган жамоаларнинг кўпчилиги ҳатто Про-лигага ҳам мос эмас. Айнан ўшалар 2-лига савиясидаги клублардан, бундайлар ҳатто А гуруҳда ҳам кўриниб қолди.

Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда Б планга ўтамиз. Энди Про-лигада фақатгина Суперлига талабига ҳам жавоб беришга қодир бўлган клубларни қолдирамиз. Про Б лига эса мутлақо алоҳида лигага айланади. Унинг клублари мақсад қўйишдан олдин ўзини кўзгуда кўради, ҳавас қилади, ишлайди, интилади, инфраструктура қилади, ундан кейин Про А лига ҳақида орзу қилади, Суперлига ҳақида ҳозирча ўйламайди ҳам.

— Футболимиздаги энг катта камчиликлардан бири клубларнинг маълум бир ҳомий-ташкилот ёки ҳокимиятларга қарамлиги ҳисобланади. Кўпчилик клубларнинг ҳатто стадиони ҳам ўзиники эмас. Клубларни хусусийлаштириш учун ҳаракат қилиб кўрилса бўлмайдими? Ахир бизда ҳам футболни яхши кўрадиган пулдор мухлислар оз эмас. Биз ҳам худди Европада бўлгани каби клуб акцияларини сотиб олишни, клуб президентлиги учун сайловларда қатнашишни хоҳлаймиз. Тасаввур қилинг, бизда ҳам президентликка бир нечта номзод бўлса ва ҳар бири «Мени сайласанглар, мана бу футболчини олиб келаман, мен сайласанглар, мана бундай ишлар қиламан», деб сайлов дастурларини эълон қилса. Шундай омон-омон даврларга эришиш имконини берадиган клубларни хусусийлаштириш учун ЎФА қандай ишларни амалга ошириши мумкин?

— Жуда зўр таклиф. Лицензиялаш талаблари босқичма-босқич шунга олиб боради. ПФЛ истаётган масала ҳам аслида шу. Бироқ айни ҳолатда ўша ҳомий-ташкилотлар молиялаштиришни тўхтатса, футбол бирданига орқага кетиб қолади. Шунинг учун ҳам давлат пул бераётганида стадион, академия, базани қуриб олмайсанми, деб куюниб ётибмиз. Сиз айтаётган тадбиркорлар яхши клубларга асос солиши мумкин, бироқ бошланишига ўша клублар «Пахтакор» ёки «Локомотив»дек жамоалар билан кураша олмайди. Вақт керак ҳаммасига. Лицензиялаш талаби 2019 йилда фақат ва фақат қуриш ишларига зўр бўлади. Вақти келиб сиз айтган яхши кунлар келганида, клублар ҳомийсиз қолганида ҳеч бўлмаса майдони, базаси, академияси бўлиши учун. Ҳозирча эса «Насаф»дан сўрашингиз мумкин, ўз стадионига эга клубнинг харажатлари қанчалик катта бўлишини, клублар йиллар давомида бунга тайёргарлик кўрмагани учун, энди масъулиятдан қочишни одат қилиб олган. Лицензиялаш талаби барибир ҳамма клубларни биринчи галда «Насаф»га яқинлаштиради, кейин эса уларни сиз айтганингиздек акционерлик жамиятларига айлантиради.

— Кўпчилик мухлислар бошқа спорт федерацияларининг раҳбарларини таниш уёқда турсин, ўша федерациялар қаерда жойлашганини ҳам билишмайди. Лекин футбол федерацияси (эндиликда ассоциацияси) миллионлар диққат марказида бўладиган ташкилот. Ташкилотнинг сиздан олдинги раҳбари Мираброр Усмонов доимий танқид қилиб келинган. Сиз ҳам бу лавозимга келганингиздан сўнг кескин танқидлар ёмғири остида қолиб кетишингизни, энг оммабоп спорт раҳбари бўлиш осон эмаслигини билганмидингиз? Ўзингиз ҳақингиздаги танқидларга қандай қарайсиз?

— Мен танқидни тўғри тушунаман ва ҳатто бу танқид нотўғри бўлса ҳам, табиий ҳол деб қарайман. Турган гапки, бу вазифа менга юклатилганида, бунинг остида нақадар катта юк турганини, жумладан, мухлисларнинг, журналистларнинг танқидий сўзлари янграши мумкинлигини ҳам билганман ва бунга тайёр ҳолда келганман. Лекин халқимизда бир яхши мақол бор: «Ўйчи ўйига етгунча, таваккалчи ишини битказибди». Кимдир бу ишни бажариши, маломатлар тагида қолса ҳам, янгиликлар билан кириб келиш лозим эди. Давр шунақа ҳозир. Унинг аёвсиз талаблари бор. Шундай шиддатли жараёнда курашлар остида мақсадга етсангиз, ғолиблик нашидаси янада ширин туюлади.

Сизнингча, бу йилги мавсумда ҳакамлик даражаси қандай бўлди?

— Суперлигада аввалги мавсумларники билан солиштирганда яхшироқ бўлди. Улар билганларича иш қилишларига йўл қўймасликка ҳаракат қилдик. Бироқ Про-лигадаги ҳакамлик савиясини сезиларли даражада кўтармасак бўлмайди. Бунинг учун энг яхши восита телетрансляциялар сонини ошириш. Чунки Суперлигадаги ҳакамлик масаласи ҳам шу сабаб аввалгиларига қараганда анча эпақага келиб қолди. Назар бўлиши керак-да ҳамма жойда. «Спорт» телеканали бу йил катта ҳажмдаги ишларни бажарди, осон бўлмади. Умид қиламанки, келаси мавсумда ҳам ҳамжиҳатликда катта ишларни амалга оширамиз.

— Осиё ўйинларида 70та медал қўлга киритилгани билан бу натижани жуда юксак натижа деб бўлмайди. Биринчидан, турнирда 42 спорт турида медаллар ўйналгани ҳолда ўзбекистонликлар 30 спорт тури бўйича иштирок этишди. Шундан фақат 19та спорт турида медал олинди. Шундан фақат 12 спорт турида 21та олтин медал. Иккинчидан, медаллар асосан яккалик баҳсларда қўлга киритилган. Фақат 7та медал – 5та кумуш ва 2та бронза жамоавий баҳсларда олинган. Олтин йўқ. Кумуш ва бронзаларнинг 4таси академик эшкак эшишда, 2таси байдарка ва каноэда эшкак эшишда, битта бронза бадиий гимнастикада. Яъни, жамоавий спорт турларида жуда паст натижалар қайд этилган. Бу кўрсаткичларни яхшилаш учун нималар қилинади?

— Жуда юксак натижа эмас, дейсизми? Ахир, терма жамоамиз рекорди янгиланган куни, умумжамоалар ўртасида Эрондан ўзиб кетганимизда, халқимиз қай тарзда қабул қилганини кўрмадингизми? Лекин фикрингизда жон бор, биз бирданига ҳамма спорт турларини бир кунда ривожлантириб қўя олмаймиз, бунга миллат менталитети, халқимизнинг ўша спорт турига бўлган муносабати ва спорт турларига турлича шароит лозимлиги сабаб бўлади. Ўйлайманки, шу кетишда ишласак, натижа бермаган турлар бўйича ҳам медаллар учун кураш олиб борамиз. Катта шаҳарлар ҳам бир кунда қурилмаганку…

— Маълумки, Олимпия ўйинларида ва Осиё ўйинларида сузиш спортида бир спортчининг ўзи бир нечта медал олиши мумкин. Осиё ўйинларида кучли учликда бўлган Хитой, Япония ва Жанубий Корея ҳам кўп медалларни сузиш спорт турида жамғаришди. Масалан, биринчи ўринни эгаллаган Хитой сузиш бўйича 50та медал олди (19та олтин, 17та кумуш ва 14та бронза). Япония эса бу спорт турида энг кўп медалга эгалик қилди – 52та (19та олтин, 20та кумуш ва 13та бронза). Япониялик сузувчи Рикако Экее 8та медал (6та олтин, 2та кумуш) олди, хитойлик сузувчи Жиаю Ху 5та олтин медални ўзиники қилди. Яна бир хитойлик сузувчи 6та медал (4та олтин, 2та кумуш) эгаси бўлди. Спортчилар ўртасида энг кўп медал жамғариш рейтингининг дастлабки олти поғонаси айнан сузувчиларга тегишли бўлди. Ўзбекистон бу спорт турида битта ҳам медал олмади.

Сузиш спортини ривожлантиришга жиддийроқ эътибор қаратиш керакмасмикин?

— Бу ҳам юқоридаги саволингиз каби ўз шароити, жуғрофий ҳолати ва халқ томонидан суйилиши лозим бўлган жиҳатларга боғлиқ.

Тан олайлик, юқоридаги мамлакатлар ҳозирги натижалари йўлида узоқ йиллар ишлашган ва бир яхлит тизим ишлаб чиқилгач, бугунги кўрсаткичларга етишишди. Биз эса, бу масалаларни тезлик билан ҳал қилишимиз имконсиз, ўз вақти билан етиб ҳам келамиз. Лекин боя айтганимдек, шу зайлда ишласак, сузиш бўйича олиб борилаётган ишларимиз самарасини ҳам яқин йилларда кўрасиз, Худо хоҳласа…

1 Dekabr, 2018|Янгиликлар|