Халқаро ўқ отиш спорти федерациясига янги раҳбар сайланди, у яқинда Ўзбекистонга ҳам ташриф буюради

Шу кунларда Германиянинг Мюнхен шаҳрида Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси (ISSF) нинг 68-Бош Ассамблеяси ўтказилмоқда. Ассамблеяда Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси бош котиби Жалолиддин Атабуллаев ҳам иштирок этмоқда.

Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала ташкилот учун янги раҳбар сайлашдан иборат эди. Ассамблея давомида россиялик Владимир Лисин Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси президенти этиб сайланди. Германиялик Александр Ратнер эса ташкилот бош котиби сифатида фаолият олиб борадиган бўлди.

Ассамблея давомида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси бош котиби Жалолиддин Атабуллаев янги сайланган раҳбар Владимир Лисин ва бош котиб Александр Ратнер билан учрашув ўтказиб, Ўзбекистонда ўқ отиш спортини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, уларни мамлакатимизга таклиф қилди. Учрашувда уларни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджонов номидан ҳам табриклади ва эсдалик совғаларини тақдим этди.

1 Dekabr, 2018|Янгиликлар|