Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлар мақсадсиз сарфланаётганлиги танқид қилинди

Бугун, 29 ноябрь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2018 йил III чорагида амалга оширган ишлари ва келгусидаги вазифаларига бағишланган Жамғарманинг кузатув кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари иштирок этишди.

Йиғилиш давомида жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди.

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш тизимини самарали шакллантириш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, республикамизда спорт анжомларини харид қилишда ҳақиқий зарурат ва эҳтиёж инобатга олинмаслиги оқибатида, спорт мактаблари дастурига киритилмаган айрим спорт жиҳозлари йиллар мобайнида ўқув даргоҳларининг омборларида фойдаланилмасдан турибди. Аксинча, спортнинг бокс, кураш ва оғир атлетика бўйича турларига ихтисослашган спорт масканларида махсус спорт жиҳозлари етишмаяпти. Бундан ташқари, жамғарма маблағлари самарали сарфланмасдан келаётганлиги танқид қилинди.

Қолаверса, жамғарма раҳбари Исмоил Мирзаев Кузатув кенгаши розилигисиз спорт иншоотларини спорт жиҳозларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганмасдан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига турли лойиҳаларни тақдим этган. Электрон биржа орқали катта маблағларни ташкил этувчи турли хил жиҳозларни сотиб олиш учун 27,9 млрд.сўмлик шартнома имзолаган.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги муҳим вазифаларга бағишланган йиғилишда ҳам Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилда 56 та спорт иншоотини қуриб, фойдаланишга топширилиши, ушбу мақсадларга 362 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланганлиги, лекин 10 сентябрь ҳолатига кўра, атиги 113 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилганлиги, жойларда қурилиш ишлари орқада қолаётганлиги танқид остига олинган эди. Шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотларга спорт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини ўз вақтида якунлаш, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2019 йилги манзилли дастурини шакллантириш бўйича топшириқлар берилган эди. Жамғарма Низомининг 14-бандида Жамғарма ўз маблағларидан Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ фойдаланиши белгиланган. Бироқ, талабларни Жамғарма раҳбарияти бажармасдан келмоқда. Бу ҳолатлар ўз навбатида, Ҳукумат қарори ва у билан тасдиқланган Низом талабларини давомли (систематик) тарзда ва қўпол равишда бузилишига олиб келмоқда.

Йиғилиш якунида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ишни тўғри йўлга қўйиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

29 Noyabr, 2018|Янгиликлар|