Миллий олимпия қўмитасида Жанубий Кореялик гольф мутахассиси билан учрашув ташкил этилди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Токио 2020 Олимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Кунчиқар юрт мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларида юртдошларимиз ватанимиз учун янги бўлган спорт турларидан ҳам лицензия қўлга киритишни мақсад қилганлар. Жумладан, гольф ҳам ана шундай спорт турлари тоифасига киради. Чунки, ўзбекистонлик спортчилар бунгача гольф бўйича Олимпия ўйинларида иштирок этмаганлар.

Бугун, 29 ноябрь куни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов гольф бўйича Жанубий Кореядан ташриф буюрган мутахассис Янг Чан Гук билан учрашди. Сир эмаски, мазкур юрт гольф бўйича жаҳонда етакчи мамлакатлар қаторида эътироф этилади. Ўтказилган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказилди.

«Авваламбор, Ўзбекистонга хуш келибсизлар! Мамлакатимизга Жанубий Кореядан ҳам гольфчилар келиб туришади. Чунки, бизда мазкур спорт тури учун база бор. Биз бундан самарали фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда ҳам гольфни ривожлантирмоқчимиз. Тан олиш лозим, спортнинг ушбу тури юртимизда у қадар ривожланмаган. Гольф оммавийлиги бўйича Жанубий Корея анча юқори поғоналарда туради», – деди МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида меҳмон ҳам ҳамкорлик қилишдан хурсанд эканлигини, гольф Ўзбекистон учун мос келувчи спорт турилиги ҳақида гапирди.

Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик ўрнатиш, Ўзбекистонда гольфни ривожлантириш, Токио 2020 Олимпия ўйинлари учун Ўзбекистоннинг лицензия қўлга киритиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Шунингдек келишувга кўра, яқин кунларда ўзбекистонлик ёш гольфчилар Жанубий Кореяга бориб, ўз малакаларини оширадилар.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитаси номидан меҳмонга эсдалик совғасини тақдим этди.

29 Noyabr, 2018|Янгиликлар|