Ал-Сабах Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти лавозимини тарк этди

Шу кунларда Япония пойтахти Токио шаҳрида Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА)нинг XXIII Бош Ассамблеяси ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳам иштирок этмоқда. Ассамблея кун тартибидан Пхёнчхан ва Буэнос-Айрес Олимпиадалари якунлари бўйича ҳисоботлар тингланиши, МОҚА президенти, Бош котиби ва масъулларнинг чиқиши, молиявий ҳисоботлар, WADA ҳисоботи ва бошқа масалалар ўрин олган. Шунингдек, 2026 йилги Олимпия ўйинлари учун номзод шаҳарлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Ундан ташқари ташкилот президентлиги учун сайловлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилганди. Insidethegames нашри маълумотига кўра, ушбу лавозим учун ягона номзод ассоциациянинг амалдаги раҳбари шайҳ Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах ҳисобланарди. Ўз навбатида, Сабах FIFA собиқ амалдори Ричард Лай билан боғлиқ юзага келган муаммолар, шунингдек оилавий сабабларга кўра ихтиёрий равишда ўз номзодини қайтариб олишини маълум қилди. МОҚАга вице-президент сифатида сайланган Робин Митчелл эндиликда ташкилотга вақтинчалик президент вазифасини бажаради.

Маълумот учун, шайҳ Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах 2012 йилдан буён МОҚА президенти ҳисобланарди. 1991 йилдан ҳозирги кунга қадар эса Осиё Олимпия Кенгаши президенти сифатида ҳам фаолият олиб боради.

28 Noyabr, 2018|Янгиликлар|