Қорақалпоғистонда халқаро форум тадбирлари кўтаринки руҳда ўтмоқда. Бугун кореялик футболчилар билан ўртоқлик ўйини ўтказилади

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Оролбўйи ҳудудларида экологик муҳитни яхшилаш масалалари ва бу жараёнда корейс диаспорасининг роли” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда. Мазкур форумда БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мун бошчилигидаги Жанубий Корея делегацияси вакиллари иштирок этишмоқда.

Кеча Қорақалпоғистон Республикаси Нукус халқаро аэропортида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси, Қорақалпоғистон болалар-ўсмирлар футбол академияси вакиллари меҳмонларни кўтаринки руҳда кутиб олишди. Шундан сўнг меҳмонлар шарафига дастурхон ёзилиб, санъаткорлар ўз чиқишлари билан йиғилганларга юқори кайфият бахш этишди.

Меҳмонлар орасида Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги “Chung-Ang university high school” футбол жамоаси ташриф буюрган. Мазкур жамоа бугун “Турон” марказий ўйингоҳида соат 14:00да Қорақалпоғистон Республикасининг U-19 ёшгача бўлган терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказади.

“Турон” марказий ўйингоҳида бўлажак ўйиндан аввал катта гала концерт дастури ҳам ташкил этилади. Унда Махсет Утемуратов, Гулхатиша Айимбетова, Ирина Нам ҳамда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган эстрадамиз юлдузлари, қолаверса, Жанубий Корея давлатидан ташриф буюрган ансамбл гуруҳлари ўз чиқишлари билан ўйингоҳга ташриф буюрган мухлисларни хушнуд этишади.

Бундан ташқари форум доирасида нуфузли меҳмонлар ҳамда футбол жамоа аъзолари Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ва тарихий обидалари билан ҳам яқиндан танишишни мақсад қилишган.

“Chung-Ang university high school” жамоаси 28 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Миллий” ўйингоҳида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 17 ёшгача бўлган ўсмирлар жамоаси билан куч синашишади ва шундан сўнг 29 ноябрь куни чартер йўналиш орқали ўз ватанларига қайтиб кетишади.

27 Noyabr, 2018|Янгиликлар|