Республика бўйлаб енгил атлетика бўйича селекция ишлари бошланди

Хабарингиз бор, кеча Миллий олимпия қўмитаси енгил атлетика бўйича Республика бўйлаб кенг миқёсдаги селекция ишларини бошлагани ҳақида хабар қилгандик. Кўрик-танлов сифатида ўтказилаётган селекциянинг дастлабкисига бугун, 25 ноябрь куни Андижон вилоятида старт берилди.

Вилоятда истиқомат қилувчи ёш йигит-қизлар ўзларини синаб кўриш учун танловга ташриф буюрдилар. Ҳаваскор спортчилар ядро улоқтириш, узунликка сакраш, баландликка сакраш ва 60 метрга югуриш каби йўналишларда ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Уларни енгил атлетика бўйича мураббийлар кузатиб боришди.

Навбатдаги селекция эртага, 26 ноябрь куни Фарғона вилоятида ўтказилади.

Миллий олимпия қўмитаси томонидан ташкил қилинаётган мазкур кўрик-танлов 17 декабрга қадар давом этади. Мазкур танлов натижасида саралаб олинган ёшларда кейинчалик спорт билан профессионал тарзда шуғулланиб, терма жамоа сафидан ўрин олиш имконияти пайдо бўлади. Сиз ҳам ўз омадингизни синаб кўринг!

 

25 Noyabr, 2018|Янгиликлар|