Муроджон Аҳмадалиев чемпионлик камарини муносиб ҳимоя қилди

Жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинлари совриндори Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги бешинчи жангида рингга кўтарилди.

Мазкур баҳсда боксчимизга америкалик Исаак Зарате рақиблик қилди. Муроджон ўн раундга мўлжалланган жангнинг тўққизинчи раундида рақибини нокаут эвазига мағлуб этди. Ушбу ғалаба орқали ҳамюртимиз ўзига тегишли бўлган WBA Inter-Continental Super Bantamweight Title чемпионлик камарини ҳимоя қилди.

Маълумот учун, Аҳмадалиев профессионал фаолияти давомида бугунгиси билан қўшиб ҳисоблаганда беш маротаба рингга чиққан ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Жангларининг тўрттасини у нокаут эвазига ўз фойдасига ҳал қилган.

Америкалик 27 ёшли Зарате эса 23 та жанг ўтказиб, 16 та ғалабага эришган. Учта жангда дуранг қайд этилган ва яна тўртта баҳсда мағлуб бўлган.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу ғалаба билан боксчимизни муборакбод этади.