Исроил Мадримов профессионал рингдаги илк жангидаёқ камарга эга чиқди

Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Исроил Мадримов профессионал рингдаги дебют жангини ўтказди. Ҳамюртимиз профессионал боксдаги илк жангида мексикалик Владимир Эрнандесга қарши рингга чиқди.

10 раундга мўлжалланган жанг олтинчи раундда якунига етди. Ҳамюртимиз ўзининг кетма-кет зарбалари эвазига рақибини нокаутга учратди ва проф боксдаги фаолиятини ғалаба билан бошлади. Боксчимиз ушбу ғалаба орқали дебют жангидаёқ WBA Intercontinental камарига эга чиқди.

Маълумот учун, мексикалик Виктор Эрнандеснинг проф боксда ўтказган жанглари 13 тага етди. У жангларининг 10 тасида ғалаба қозонган. Олтита жангда рақибларини нокаутга учратган. Мадримовга қарши жангда у учинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан боксчимизни муборакбод этади.