Дзюдо, оғир атлетика ҳамда гимнастика федерациялари МОҚни ўз режалари билан таништиришди

Хабарингиз бор, шу кунларда Миллий олимпия қўмитасида юртимиздаги спорт федерация ва ассоциациялар вакиллари билан учрашув ташкил қилинмоқда. Унда федерация масъуллари Токио 2020 Олимпиадаси учун ўзларининг стратегик режаларини тақдим этмоқдалар.

Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси бугун Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда Ўзбекистон гимнастика федерацияси вакиллари билан ўтказилди. Йиғилишларда Жасур Матчанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ҳам иштирок этишди.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси билан ташкил қилинган йиғилишда федерация раиси ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов оғир атлетикачиларимизнинг Японияда ўтказиладиган Олимпия ўйинлари учун тайёргарлик режаси, мақсадларини тушунтириб берди. Шунингдек, қайси мусобақа орқали қандай рейтинг очколарига эга бўлиш мумкинлиги ҳақида маълумот билан таништирди.

Шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари, мураббийлар ҳам Миллий олимпия қўмитаси вакилларига ўзларининг Токио 2020 Олимпиадаси учун тузган режалари ҳақида маълумот бердилар. Федерация бош котиби Абдулло Муродов ҳамда терма жамоа бош мураббийи Фарҳод Тўраев спортчиларимизнинг бугунги кундаги ҳолати, улар билан кузатилаётган муаммолар ва камчиликлар ҳақида гапиришди. Йиғилиш давомида спортчиларимизнинг умумий жисмоний тайёргарлигини ҳам кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Гимнастика федерацияси масъуллари билан ўтказилган йиғилиш ҳам айнан шу мавзуда ташкил этилди. Спортчиларимизнинг Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритиш имкониятлари, шунингдек Токиода совринли ўринларга эга чиқиш масалалари кенг муҳокама қилинди.

23 Noyabr, 2018|Янгиликлар|