Ўзбекистон Токио Олимпиадасида медаль қўлга киритишга бел боғлаган

Хабарингиз бор, енгил атлетика Олимпия ўйинларида энг кўп медаль тақдим этувчи спорт туридан бири ҳисобланади. Куни кеча енгил атлетиканинг босқон улоқтириш, ядро улоқтириш каби йўналишларига баҳодирлар ўйини, тош кўтариш, армрестлинг, пауэрлифтинг каби спорт турларидан полвонларни саралаб олиш бўйича учрашув ташкил қилинганди.

Бугун эса енгил атлетика федерацияси вакиллари билан бирга спортчиларни Токио Олимпиадасига тайёрлаш масаласи муҳокама этилди. Учрашувда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари, мураббийлари иштирок этишди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев Токио Олимпиадасига атаб ишлаб чиқилган стратегия билан таништирди. Олдинда турган режалар билан ўртоқлашди, федерациянинг бу борадаги мақсадини аниқ қилиб тушунтириб берди.

Ўз навбатида Миллий олимпия қўмитаси томонидан енгил атлетикачиларимизга Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш, Токиода шоҳсупадан ўрин эгаллаш вазифаси қўйилди. Бу борада тегишли тавсиялар берилди.

21 Noyabr, 2018|Янгиликлар|