МОҚда спортчиларни назорат қилиш бўйича профилактик тадбир ташкил этилди

Инсон нима учун спорт билан шуғулланади? Биринчи навбатда албатта ўз соғлиғини мустаҳкамлаш учун. Спортчи тинимсиз меҳнат, машаққатлар билан босқичма-босқич профессионал даражага етади ва шу орқали ўз ватани шаънини халқаро ареналарда ҳимоя қилиши мумкин бўлади. Аммо, спортдан қинғир мақсадларда фойдаланадиган қўштирноқ ичидаги «спортчилар» ҳам бугунги кунда учраб турибди.

Сир эмаски, Ўзбекистонда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш шахсан мамлакатимиз раҳбари назоратида турибди. Юртдошларимиз хавфсизлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, ҳар замонда кўнгилсизликлар ҳам содир бўлмоқда. Улар спортчилар иштирокида қайд этилаётгани эса янада ачинарлидир.

Бугун, 21 ноябрь Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида спортчилар иштирокида тартибсизликларни, жиноий ҳолатларни олдини олиш бўйича профилактик тадбир ташкил этилди. Унда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, МОҚ биринчи вице-президенти Назиржон Худойқулов, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси мутасаддилари, юртимиздаги спорт федерациялари вакиллари, мураббийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида спортчилар иштирокида содир бўлаётган кўнгилсиз ходисалар, жиноятлар мисол қилиб келтирилди. Спортчилар имкон даражасида назоратда эканлиги, аммо ноолимпия йўналишида фаолият олиб бораётган баъзи спортчилар эътибордан четда қолиб кетаётгани қайд этилди. Мутасаддилар томонидан федерация вакиллари ва мураббийларга спортчилар учун бу борада тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлиги айтилди. Бунда албатта асосий масъулият мураббийларга юклатилади. Спортчиларга кучни кўчада эмас, машғулотларда ва мусобақаларда кўрсатишлари кераклигини айнан мураббийлар ўз шогирдларига тушунтиришлари кераклиги айтилди. Чунки, ёш спортчи ота-онадан кўра, кўпроқ устозининг кўрсатмаларига амал қилиши таъкидланди. Агар мураббийлар бу борада масъулиятсизликка йўл қўядиган бўлсалар, лицензиядан маҳрум қилишгача бўлган жазо қўлланилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Учрашув давомида бундай ҳолатларни олдини олиш бўйича тегишли тавсия ва таклифлар берилди, федерациялар вакиллари ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, ёшлар спорт билан шуғулланиш учун келганда машғулотларда ўрганадиган услубларни спорт зали ва мусобақалардан бошқа жойда қўлламасликлари бўйича тилхат олиш лозимлиги, фаолиятини якунлаган спортчилар турли қинғир йўлларга кириб кетмаслиги учун уларни иш билан таъминлаш кераклиги таклиф сифатида айтиб ўтилди.

Режага кўра келажакда спортчи ва мураббийлар учун «Маънавият куни» ташкил қилинади. Миллий олимпия қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги бу борада яқиндан ҳамкорлик қиладилар.

21 Noyabr, 2018|Янгиликлар|