«Сателлит» халқаро турнирида ўзбек қиличбози тенгсиз бўлди

Хабар бериб ўтганимиздек, пойтахтимизда қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича «Сателлит» халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Индонезия, шунингдек, Халқаро қиличбозлик федерацияси байроғи остидаги спортчилар совринли ўринлар учун кураш олиб боришди. Турнир иштирокчилари сони жами 34 нафарни ташкил этди.

Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, ўзбекистонлик спортчилар Файзулло Алимов ва Роман Александровлар финалгача етиб боришди. Ҳал қилувчи жангда Файзулло Алимов 15:7 ҳисобида ғалаба қозонди ва турнир ғолибига айланди. Роман Александров эса кумуш медаль билан кифояланди. Бронза медалига эса бошқа бир юртдошимиз Нодирбек Мўминов ҳамда Индонезиядан ташриф буюрган қиличбоз Ангги Виллиансяхлар эга чиқишди.

Эслатиб ўтамиз, 17-18 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри қиличбозлик бўйича яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилади. Шу кунлари пойтахтимизда қизлар ўртасида сабля йўналиши бўйича жаҳон кубоги беллашувлари ташкил қилинади.

12 Noyabr, 2018|Янгиликлар|