Жаҳон чемпионатида иштирок этган оғир атлетикачиларимиз юртимизда тантанали кутиб олинди

Хабарингиз бор, 1-10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақада жаҳоннинг 88 мамлакатидан 600 дан зиёд спортчилар иштирок этди. Чемпионатда ўзбекистонлик полвонлар ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб боришди. Баҳсларда юртимиз шарафини 12 нафар спортчи ҳимоя қилди ва атлетларимиз мусобақа якунига кўра 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Бугун жаҳон чемпионатида иштирок этган оғир атлетикачиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Улар Тошкентдаги «Жанубий» вокзалда спорт жамоатчилиги томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада -102 кг вазн тоифасида қатнашган Акбар Жўраев даст кўтаришда олтин медални қўлга киритди. -67 кг вазнли Достон Ёқубов силтаб кўтаришда кумуш медаль соҳибига айланди. -109 кг вазн тоифасида беллашувларда Руслан Нурутдинов силтаб кўтаришда бронза медалига эга чиқди. +109 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Рустам Джангабаев силтаб кўтариш ва иккикураш натижаларига кўра бронза медалларига сазовор бўлди.

Қайд этиш лозимки, мусобақада -102 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Акбар Жўраев жаҳон чемпионати кашфиёти бўлди. 19 ёшли спортчимиз катталар ўртасидаги мусобақада олтин медални қўлга киритди. Олимпия ўйинларига ҳали вақт борлигини инобатга олсак, 2020 йилда у 21 ёшга тўлади ва айни кучга кирган пайти бўлади. Маълумот учун, Токио Олимпиадасига рейтинг очколарини берувчи мусобақалар 6 та эди. Ашхободда уларнинг дастлабкиси якунланди. Энди Олимпадагача спортчиларимиз яна 5 та мусобақада иштирок этадилар ва умид қиламизки ушбу баҳслар якунига кўра полвонларимиз терма жамоамиз учун максимал йўлланмаларни қўлга киритадилар.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан спортчи ва мураббийларимизни, Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини муборакбод этади.