Қиличбозлик бўйича «Сателлит» халқаро турнирининг очилиш маросими ўтказилди

Пойтахтимиз яна бир халқаро мусобақага мезбонлик қилмоқда. Бугун, 11 ноябрь куни Тошкентдаги «Универсал» спорт саройида қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича «Сателлит» халқаро турнири ўтказилмоқда.

Баҳсларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Индонезия, шунингдек, Халқаро қиличбозлик федерацияси байроғи остидаги спортчилар совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқдалар.

Бироз аввал мусобақанинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосарлари, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этишди.

Очилиш маросимида МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов сўзга чиқар экан, яна бир нуфузли мусобақа Ўзбекистонга ишониб топширилганини, юртимиз мазкур турнирни юқори савияда ўтказа олишини, бунинг замирида Ўзбекистонда спортга кўрсатилаётган эътибор ётганини қайд этиб ўтди. Тадбир давомида сўзга чиққан мутасаддилар ҳам Ўзбекистонда спорт билан шуғулланиш учун жуда яхши шароитлар яратилганлигини айтиб, турнир иштирокчиларига муваффақиятлар тилашди.

Ўзбек эстрадаси юлдузларининг чиқишлари тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясидан сўнг, очилиш маросими ниҳоясига етди ва асосий баҳсларга старт берилди.