Дзюдо. Ҳикматулло Тўраев Тошкент Гран-Приси ғолиби!

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича Гран-При турнири ўзининг энг қизғин палласига кирди. Бугун мусобақа доирасида эркаклар ўртасида -73 кг, -81 кг, аёллар ўртасида эса -63 кг ва -70 кг вазн тоифаларида баҳслар ўтказилди.

-73 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ҳикматулло Тўраев турнир давомида Руминия, Швеция, Франция, БАА вакилларини мағлубиятга учратди ва финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи жангда у германиялик Игор Вандткега қарши татамига чиқди ва қийин кечган жангда ғалаба қозона олди. Шу тариқа, Ҳикматулло ушбу Гран-Прида терма жамоамиз ҳисобида дастлабки олтин медални қўшиб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, кеча мусобақада -60 кг вазн тоифасида Диёрбек Ўрозбоев (кумуш), -66 кг вазнли спортчилар ўртасидаги баҳсларда эса Сардор Нуриллаев (кумуш) ва Шаҳрам Аҳадов (бронза) совриндорлар қаторидан ўрин олгандилар.

Мусобақада ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳам иштирок этди.