Дзюдочиларимиз Тошкент Гран-Присининг илк кунида учта медалга эга чиқишди

Пойтахтимизда дзюдо бўйича нуфузли Гран-При мусобақаси старт олди. Бугун ўтказилган баҳсларда уч нафар ҳамюртимиз совриндорлар қаторидан ўрин олди.

-60 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Диёрбек Ўрозбоев турнир давомида Эрон, Германия ва Мўғулистон вакилларини мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди. Ҳал қилувчи жангда у бошқа бир мўғулистонлик спортчи Болдбаатар Ганбатга қарши баҳс олиб борди ва имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, ҳамюртимиз Тошкент Гран-Присининг кумуш медали билан кифояланди. Қайд этиш лозимки, ушбу нуфузли мусобақага айни пайтда Тошкентда бўлиб турган Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) президенти Ғофур Раҳимов ҳам ташриф буюрди ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Шунингдек, -66 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Сардор Нуриллаев финалга қадар Қирғизистон, Россия, Мўғулистон, Озарбайжон вакилларидан устун келди ва ҳал қилувчи баҳсга етиб борди. Олтин медаль учун кечган жангда ҳамюртимиз словениялик Адриан Комбокка қарши татамига чиқиб, мағлубиятга учради ва кумуш медалга сазовор бўлди.

Ушбу вазнда жангларда иштирок этган бошқа бир ҳамюртимиз Шаҳрам Аҳадов Исроил, Сербия вакилларини мағлубиятга учратди. Чорак финалда эса озарбайжонлик рақибга имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун жангларда у Мўғулистон ва Россия терма жамоаси вакилларидан устун келиб, Тошкент Гран-Приси совриндорига айланди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик дзюдочилар мусобақанинг биринчи кунида 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Эртага Тошкент Гран-Присида эркаклар ўртасида -73 кг, -81 кг, аёллар ўртасида эса -63 кг ва -70 кг вазн тоифаларида баҳслар ўтказилади.

 

9 Noyabr, 2018|Янгиликлар|