Тошкент дзюдо бўйича Гран-При турнирига тайёр

9-11 ноябрь кунлари пойтахтимиз яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилади. Эртага Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида дзюдо бўйича Гран-При мусобақаси старт олади. Ушбу нуфузли турнирда жаҳоннинг 47 мамлакатидан 350 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

Қайд этиш лозимки, мазкур турнир Олимпия ўйинлари лицензияси учун муҳим бўлган рейтинг очколарини тақдим этади.

Мусобақада биринчи ўринни қўлга киритган спортчилар рейтинг очколарини ишлаб олиш билан биргаликда, 3000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига ҳам эга бўладилар (Спортчи 2400 АҚШ долларини қўлга киритса, унинг мураббийига 600 АҚШ доллари тақдим этилади). Кумуш медалга сазовор бўлган спортчи 2000 АҚШ доллари (спортчига 1600 АҚШ доллари, мураббийга 400 АҚШ доллари), бронза медалига эга чиққан полвонлар эса 1000 АҚШ доллари (спортчига 800 АҚШ доллари, мураббийга 200 АҚШ доллари) билан мукофотланадилар.

Бугун ушбу мусобақага қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Асосий баҳсларга эртага старт берилади. Барчани «Ўзбекистон» спорт мажмуасига таклиф этиб қоламиз.

8 Noyabr, 2018|Янгиликлар|