Умид Аҳмаджонов МОҚда Токио 2020 ўйинлари ташкилий ҳайъат аъзоси билан учрашди

Хабарингиз бор, пойтахтимизда спорт тиббиёти бўйича халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда. Мазкур йирик тадбир давомида Тошкентга бир қатор мартабали меҳмонлар ташриф буюрганлар. Улар орасида Токио Олимпиадасининг ташкилий ҳайъати аъзоси, KEIO спорт тиббиёти университети профессори Хироюки Ишида ҳам бор.

Ушбу конференция доирасида бугун профессор Ишида Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Меҳмон билан МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Бош котиб Жасур Матчановлар учрашув ўтказишди.

«Сизни Ўзбекистонда яна бир маротаба кўриб турганимиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Токио Олимпиадасига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бу йўлда стратегия ишлаб чиққанмиз. Режаларимиз амалга ошса биз лицензия ва медаллар бўйича рекордимизни янгилаймиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида меҳмон яна Ўзбекистонда эканлигидан мамнунлигини айтиб ўтди.

«Яна бир маротаба Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Япония ҳам 2020 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарликни давом эттирмоқда. Умид қиламизки, Ўзбекистон ушбу ўйинларда муваффақиятли иштирок этади. Бу борада қандай ёрдам керак бўлса, кўрсатишга тайёрмиз», – деди жаноб Ишида.

Учрашув давомида томонлар Токио Олимпиадасига тайёргарлик жараёнида ҳамкорлик қилиш, бир қатор ташкилий масалалар бўйича келишувга эришдилар.

Тадбир сўнггида Умид Аҳмаджонов анъанага кўра меҳмонга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғасини тақдим этди.

8 Noyabr, 2018|Янгиликлар|