Велоспорт бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси жаҳонда кучли йигирматаликдан ўрин олди

Халқаро велосипедчилар Иттифоқи (UCI) велоспорт бўйича терма жамоаларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси тарихда илк маротаба 680 очко билан шоссе йўналиши бўйича жаҳон рейтингида 20-поғонадан жой олди. Бунгача Ўзбекистон аёллар терма жамоаси жаҳон рейтингида кучли йигирматаликка кира олмаганди.

Бу кўрсаткичда велосипед спорти бўйича аёллар миллий терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинскаянинг ҳиссаси улкан эканлигини қайд этиш лозим. Жорий йилнинг 14 октябрь куни Францияда шоссе бўйича “Chrono des Nations” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Забелинская ҳам иштирок этган ва 26,5 километр масофага ўтказилган пойгада (35 дақиқа 54 сония, ўртача тезлик 45 км/соат) олтин медални қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон велосипед спорт федерацияси раиси Танзила Нарбаева ҳудудларда велосипед спорти бўйича ҳаваскор аёллар клубларини ташкил этиш, у ерда Ольга Забелинская иштирокида маҳорат дарслари ўтиш режалаштирилганлигини қайд этганди.

2 Noyabr, 2018|Янгиликлар|