МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов Москвада AIBA Конгрессида иштирок этмоқда

2-3 ноябрь кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) нинг навбатдаги Конгресси ўтказилмоқда. Бугун мазкур Конгресс ўз ишини бошлади. Ушбу йирик тадбирда жаҳоннинг энг катта спорт федерацияларидан бири – AIBAга янги раҳбар сайланиши кутилмоқда. Президентлик учун асосий номзод ҳамюртимиз Ғофур Раҳимов бўлиб турибди. Конгрессда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам бевосита иштирок этмоқда. Шунингдек, Конгресс доирасида бокс ривожи йўлидаги бир қатор масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала албатта ташкилотга янги раҳбар сайлашдир. Эртага ўтказиладиган сайловда Ғофур Раҳимовга Осиё бокс федерацияси раҳбари, қозоғистонлик Серик Конакбаев рақобат қилиши кутилмоқда.

Бугун Раҳимов Конгресс давомида сўзга чиқди ва ташкилот раҳбарига айланганидан сўнг қилинган ишлар ҳақида, жумладан AIBA қарзларидан қутулгани, аёллар боксини ривожлантириш, бокс Олимпия ўйинлари дастуридан чиқариб ташланишига йўл қўймаслиги ҳақида гапирди.

Эслатиб ўтамиз, Чинг Куо Ву истеъфога чиққач Ғофур Раҳимов AIBA’га вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Эртага бўлиб ўтадиган сайловда AIBA президентлиги масаласи узил-кесил ҳал қилинади.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу сайловда ҳамюртимизга омад тилайди.

2 Noyabr, 2018|Янгиликлар|