Республика Олимпия захиралари коллежида янги сузиш ҳавзаси иш бошлади

Бугун, 30 октябрь куни Республика Олимпия захиралари коллежида янги, замонавий сув ҳавзасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тантанали маросимда Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Шарифжон Мўминджанов, “Билайн Ўзбекистон” компанияси бош директори Дмитрий Шуков, спортчи ва мураббийлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқалар иштирок этишди.

Тадбир давомида Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов сўзга чиқар экан, ушбу сузиш ҳавзаси ўзбек спорти учун катта аҳамиятга эга эканлигини, келажакда бу ердан Олимпия ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига тилакдош эканлигини айтиб ўтди.

Маросимда шунингдек, Владимир Тюрденев, Шарифжон Мўминджанов, Дмитрий Шуковлар ҳам сўзга чиқишди ва ўзларининг энг самимий тилакларини билдириб ўтдилар.

Очилиш маросимидан сўнг сув ҳавзасида сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Қайд этиш лозимки, «Билайн Ўзбекистон» компанияси кўмаги билан барпо этилган ушбу спорт мажмуаси Олимпия стандартларига мос равишда яратилган. Узунлиги 50 метр, кенглиги 25 метрни ташкил этувчи мазкур сузиш ҳавзасида жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларни ҳам қабул қилиш мумкин бўлади. Ундан ташқари, бинода фақатгина сув конструкцияси мавжуд бўлибгина қолмай, назарий ва амалий машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган ўқув синфлари, спорт зали, тиббиёт хонаси ҳам мавжуд. Мусобақалар вақтида спортчиларни жойлаштириш учун ҳам шароитлар яратилган.

Сув ҳавзаси қурилишида Испания ва Даниядан замонавий ускуналар келтирилди. Старт нуқтаси, чизиқлар, байроқчалар, зинапоялар, ҳавзанинг пастки ва чет деворларидаги белгилар Халқаро сузиш федерацияси – FINAнинг талабларига жавоб беради.